13:50 / 09.10.2017
8422

Почта орқали қоракўл териси, гильза ва наркотик моддалар жўнатилиши олди олинди

Яқинда Тошкент шаҳар божхона бошқармаси “Бошпочтамт” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ходимлари қатор божхона қоидабузарликларини фош қилишди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ахборот хизмати хабар берган.

Хусусан, пойтахтда истиқомат қилувчи Б.Д. номига Россия Федерациясидан юборилган почта жўнатмаси белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказилганда, божхона декларациясида кўрсатилмаган, ов қуроллари учун мўлжалланган салкам 9 кг. оғирликдаги 1250 дона бўш гильзалар юборилганлиги аниқланди. Орадан 10 кун ўтмай худди шу манзилдан почта жўнатмаси орқали яна ушбу фуқарога 9 кг.дан ортиқ оғирликдаги 1300 дона бўш гильзалар юборилган.

Шунингдек, ушбу постда почта жўнатмаси орқали гиёҳвандлик воситаларини жўнатиш ҳолати ҳам фош қилинди. Голландиядан Фарғона шаҳрида истиқомат қилувчи Қ.Қ. номига юборилган почта жўнатмасини кўздан кечириш давомида божхоначилар ушбу жўнатмада 10 гр.га яқин марихуана ва гашиш наркотик моддалари юборилганлиги аниқланди.

Амалдаги тартибларга мувофиқ Ўзбекистон Республикасига гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни олиб кириш тақиқланган.

Халқаро почта иттифоқи аъзоси сифатида Ўзбекистон Республикасида ҳам Халқаро почта Конвенцияси талабларига мувофиқ, жўнатилаётган почта жўнатмалари бўйича CN 22 ёки CN 23 шаклидаги божхона декларациялари тўлдирилади ва унда жўнатмада юборилаётган барча товарларнинг номлари қайд қилиниши белгилаб қўйилган.

Аммо, айрим шахсларнинг товарларни нотўғри декларациялаш, яъни товарлар ҳақида нотўғри маълумотлар беришга урингани фош бўлди.

Жумладан, Бухоро вилоятида истиқомат қилувчи А.Н. Россия Федерациясига юбораётган почта жўнатмасидаги товарларни декларацияда аёллар курткаси деб қайд этади. Аммо, почта жўнатмаси божхона кўригидан ўтказилганда куртка ўрнига қиймати 4,8 млн. сўмлик 24 дона қоракўл терилари юборилганлиги фош бўлди.

Худди шундай яна бир ҳолатда эса бухоролик Н.С. Украинага қиймати 11 млн. сўмдан ортиқ бўлган 56 дона қоракўл териларини декларацияда гўёки эркаклар курткаси сифатида кўрсатиб, жўнатмоқчи бўлганлиги аниқланди.

Ғиждувон туманида истиқомат қилувчи У.А. эса қоракўл териларини почта орқали ноқонуний равишда олиб чиқишнинг ғайроддий усулини “кашф” қилди. Декларацияга мувофиқ, ушбу шахс томонидан почта жўнатмасида Россияга кўрпа юборилаётган эди. Аммо, кўрпа астари орасига пахта қавиш ўрнига, қиймати 6 млн. сўмлик 30 дона қоракўл терилари жойлаштирилган экан.

Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув жараёнлари давом эттирилмоқда.

Жорий йилнинг саккиз ойи давомида Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг “Бошпочтамт” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ходимлари томонидан аниқланган 130 та қонунбузарлик ҳолатларида қиймати 1 млрд. 361 млн сўм бўлган товар моддий бойликларнинг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилди.

Top