Криштиану Роналдунинг парҳез ва машғулотлар дастури
Криштиану Роналду дунёдаги энг истеъдодли футболчилардан бири ҳисобланади. У йиллар ўтса-да, ўз тезлиги ва чидамлилигини сақлаб келмоқда. Роналдунинг бундай жисмоний ҳолатни сақлаб келишига тўғри овқатланиш ва машғулотлар дастури, шунингдек қатор фойдали одатлари ёрдам беради.
Кўп мутахассислар Криштиану Роналдуни дунёдаги энг мукаммал футболчи деб ҳисоблашади. У икки оёғи билан ҳам аниқ зарба йўллай олади, ажойиб тезлик ва чидамлиликка эга, дейилади Scoopwhoop'да.
Шуниси қизиқки, унинг ёшига ёш қўшилса-да, жисмоний ҳолати ўзгаришсиз қолмоқда. Ҳозир у 32 ёшда, аксарият футболчилар бу ёшда спортдаги карьерасини якунлайди, Роналду эса ҳамон тетик.
Сиз Роналдуни ёқтирмаслигингиз мумкин, бироқ бу унинг парҳези ёки фитнес-режасини қўллаб кўришингизга халақит бермайди, чунки тан олиб айтиш керакки, у ҳавас қилгулик жисмоний ҳолатда.
Парҳез
Криштианунинг кундузги рациони олти маҳал овқатланишдан иборат. У шакар истеъмол қилмайди, протеинли коктейллар ичади, мультивитаминлар ва бўғинлар саломатлиги учун қўшимчалар қабул қилади. Шунингдек метаболизм яхши кечиши учун кўп сабзавотлар истеъмол қилади.
Тахминий меню
- Нонушта: мевали шарбат, тухум оқсили, дон маҳсулотлари;
- Тушлик: бироз паста, ўчоқда пиширилган картошка, яшил сабзавотлар, озгина товуқ билан салат;
- Тушлик ва кечки овқат орасида тунецли ролл ва сархил шарбат;
- Кечки овқат: гуруч ва дуккаклилар, шу билан бирга товуқ ҳамда мевалар.
Соғлом парҳез дунёнинг энг йирик клубларидан биридаги мунтазам интенсив машғулотлар билан уйғунлаштирилади. Шундай бўлса-да, Криштиану футбол сессияларидан ташқарида ҳам машқ қилади.
Қўшимча машғулотлар
Роналду ҳафтасига беш кун 3-4 соатдан машқ қилади, сешанба ва шанба - дам олади.
Душанба - тананинг пастки қисми учун машқ қилади. Машғулотлар турли машқларни ўз ичига олади: сакраш ва боксдан тортиб то елкада штанга билан ўтириш машқларигача.
Чоршанба куни танасининг юқори қисмига ишлов беради. Дастур асосан ердан тортилиш, юқорига тортилиш, брусда тортилиш, тўпни деворга отиш ва бошқа машқлардан иборат.
Пайшанба - кардиомашқлар ва квадрицепслар куни. Бу кун спринтлар ва штанга кўтариш машқларини ўз ичига олади. Шуни ёдда тутиш лозимки, Криштиану асосий машғулотлар ва ўйинларда ҳам етарлича кардиоюкка эга бўлади.
Жума куни Роналду турли машқларни бажариб, қобиқ мушаклари кучини машқ қилади. Қобиқ мушакларини ривожлантиришга алоҳида куннинг ажратилиши унинг хушбичимлигини таъминлайди ва тўпга зарба беришда куч сарфлашга ёрдам беради.
Якшанба кунлари у енгил кардио билан шуғулланади. Машғулотлар одатда арқонда сакраш ва спринтларни ўз ичига олади.
Агар сизга Роналдунинг парҳези ёққан бўлса, ундан фойдаланиб кўринг: соғлом маҳсулотлар, кўп оқсил ва тезкор углеводларнинг йўқлиги барча учун фойдали. Машғулотларга келадиган бўлсак, у сизнинг хусусиятларингиз ва мақсадларингиздан келиб чиқиши керак. Шунинг учун бундай дастур бўйича шуғулланишга қарор қилсангиз, яхшиси аввал мураббий билан маслаҳатлашиб кўринг.
Бошқа фойдали кўникмалар
Озиқланиш ва машғулотлар дастуридан ташқари, Роналдунинг ажойиб жисмоний ҳолатини таъминловчи бошқа қатор омиллар ҳам мавжуд.
Уйқу
Криштиану Роналдунинг уйқу бўйича маслаҳатчиси бор (тўғри ўқидингиз, шундай касб ҳам бор). У неча соат ухлаш, куннинг қайси қисмида ухлашга ётиш борасида спортчига маслаҳат бериб келади. Шу боис Криштиану мусобақалар вақтида яхши жисмоний ҳолатда бўлади.
Соғлом рақобат
Криштиану ўзингиз билан деярли бир хил даражада бўлган кишилар билан бирга шуғулланишни тавсия қилади. Доимий мусобақалар машғулотларга қизиқишни сақлаб қолишга ёрдам беради.
Бундан ташқари, у мақсадлар қўйиб, уларга эришиш сари ҳаракат қилиш, ахлоқан барқарор бўлиш ва бўшашмасликни маслаҳат беради.
Дам олиш
Роналду кун охирида дам олиш катта аҳамиятга эга деб ҳисоблайди. У спиртли ичимликларни мутлақо истеъмол қилмайди, оиласи ва дўстлари даврасида дам олишни маъқул кўради - бу унга ҳордиқ чиқаришга ёрдам бериб, ижобий ҳиссиётлар билан қувватлантиради.
Мавзуга оид
13:29 / 17.09.2024
Роналду — «МЮ»ни тарк этиши, клуб билан ҳозирги муносабатлари ва ўғлининг футболчи бўлиш истаги ҳақида
10:49 / 13.09.2024
Роналду биринчи бўлиб ижтимоий тармоқларда 1 млрд обуначига эга бўлди
11:38 / 12.09.2024
Роналду — «Реал»даги фаолияти, Мбаппе Мадридга ўтиши ва Кроос фаолиятини якунлагани ҳақида
19:43 / 02.09.2024