Сўнгги кунларда Криштиану Роналду яна барчанинг эътибор марказида пайдо бўлди. Бу сафар қандайдир чиройли голи ёки минглик довон томон қўйилган навбатдаги қадам эмас, футболчининг «Ан Наср» клуби, ҳатто Саудия Арабистони давлат инвестиция фонди (PIF) билан зиддияти ҳақида сўз бормоқда. Аввалига кўпчилик бунга ишонмаган бўлса-да, Саудия Арабистони чемпионатининг навбатдаги тур ўйинида Криштиану қатнашмади. «Ар-Риёд»га қарши ўйинни (1:0) бойкот қилган португиялик 40 ёшли юлдуз клубнинг трансфер бозоридаги фаол эмаслигидан норози бўлмоқда ва унинг фикрича «Ал Ҳилол» билан рақобатда нотенглик юзага келмоқда. Лиганинг энг яхши ҳужумчиларидан бири Карим Бензема ҳам «Ал Иттиҳод»дан «Ал Ҳилол»га ўтгани эса сўнгги томчи бўлиши мумкин.
Бир чўнтакдаги тўрт клуб
Аввало, вазиятни тўлиқ англаш учун бир муҳим масалани аниқлаб олиш керак. Айтайлик, Роналдунинг «Ан Наср»дан норозилиги шунчаки, бошқа бир клубга нисбатан рақобатда енгилишга нисбатан норозиликка мутлақо ўхшамайди. Саудия Арабистони чемпионати ҳукумат доирасидаги лойиҳа бўлиб, давлат биратўла тўрт клуб – «Ан Наср», «Ал Иттиҳод», «Ал Ҳилол» ва «Ал Аҳли»нинг молиявий манбаси ҳисобланади. Бу клублар эса PIF томонидан молиялаштирилади.
Роналду ҳозир нафақат ўз клуби бошқарувидан, балки PIF’дан ҳам норози бўлаётгани шу билан изоҳланади. Португалиялик футболчининг фикрича, Саудия Арабистони «Ан Наср»га нисбатан бошқа уч клубга кўпроқ эътибор қаратмоқда, бу эса «Ан Наср»нинг совринлар ютишига катта тўсиқ бўлмоқда.
Шу ўринда Саудия Арабистони Лигаси, аниқроғи PIF сўнгги йилларда ўз сиёсатини кескин ўзгартира бошлаганини ҳам таъкидлаш керак. Энди Саудия Арабистонига катта номлар, юлдуз футболчилар эмас, истиқболли ёш футболчилар кўпроқ олиб келинмоқда. Энди бу лига ўз даврини ўтказиб бўлган юлдузлар учун нафақа варианти эмас. Аксинча, энди араблар анча ёш ва истеъдодли бўлган футболчиларни эртароқ пайқаб, улар учун ўзига хос трамплинга айланишга ҳам қарши эмас.
«Ал Ҳилол» билан рақобат
«Ал Ҳилол» Саудия Арабистонининг энг машҳур ва халқаро майдондаги энг муваффақиятли клуби ҳисобланади. Клуб 2024 йилда ички чемпионат ғолиби бўлди, ўтган йил ёзида эса клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида муваффақиятли қатнашди. Айни дамда «Ал Ҳилол» «Ан Наср»дан атиги бир очко кўпроқ жамғарган ҳолда чемпионатда пешқадам бўлиб турибди.
Куни кеча «Ал Ҳилол» «Ренн»дан 30 миллион еврога истеъдодли ҳужумчи Муҳаммад Мейтени сотиб олди. Мейте нафақат Франция, балки Европада ҳам кўзга кўриниб улгурган 18 ёшли футболчи, АПЛнинг қатор клублари ҳам у билан қизиқаётганди. Бу трансфер ортидан «Ал Иттиҳод» билан янги шартнома бўйича келиша олмасдан, сўнгги ўйинларни бойкот қилиб келган Карим Бензема ҳам 25 миллион евро эвазига «Ҳилол» футболчисига айланди.










