Ўзбекистон | 20:15 / 11.10.2017
30800
2 дақиқада ўқилади

Тожикистон Ўзбекистон аҳлини қандай маҳсулотлар билан ҳайратлантирмоқчи

Тошкентда 11 октябрда очилган Тожикистон саноат маҳсулотларининг Ўзбекистондаги биринчи кўргазмасида 150 га яқин компания ўз маҳсулотини тақдим қилди. Кўргазма "Ўзэкспомарказ" павильонларида ўтмоқда ва 14 октябргача давом этади.  

Кўргазмада қурилиш материаллари, тоғ-кон, машинасозлик ва металлни қайта ишлаш саноатлари маҳсулотлари (саноатда ишлатилувчи портловчи материаллар, алюмин профиллар, қурилиш арматураси) тақдим қилинган. 

Енгил саноатдан пахта толаси ва матолар, тикувчилик ва трикотаж маҳсулотлари, пайпоқлар, ишлов берилган вет-блю чарми, гиламлар, атлас, озиқ-овқат маҳсулотлари намойиш қилинмоқда.

"Барча маҳсулотлар сифат сертификатига эга, жаҳон бозори талабларига жавоб беради, ички ва ташқи бозорларда ўз харидорларига эга. Истеъмолчилар томондан бу маҳсулотларнинг сифатига шу кунгача ҳеч қандай эътироз бўлмаган", деб айтилди Тожикистон саноат вазирлигида.

Ўзбекистон саноат маҳсулотларининг биринчи кўргазма-ярмаркаси Душанбеда жорий апрель ойининг иккинчи ярмида ўтказилганди.

Душанбеда ўтган кўргазмада Ўзбекистоннинг 160 дан кўпроқ компанияси ўз маҳсулотини 4 кун давомида намойиш қилган. Умумий ҳисобда кўргазмада Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган 1500 дан кўпроқ номдаги маҳсулот намойиш қилинган.

Кўргазма ва икки давлат тадбиркорлари иштирокидаги форум натижаларига кўра 35 млн доллардан кўпроқ қийматга эга бўлган, ҳамкорлик ҳақидаги 20 га яқин ҳужжат имзоланган.

Суратлар манбаси: Радио "Озоди"

Мавзуга оид