Спорт | 19:00 / 12.10.2017
23700
6 дақиқада ўқилади

Россия мундиалини безаши мумкин бўлган, аммо муваффақиятсизликка учраган 4 терма жамоа

2018 йили Россияда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатида иштирок этиши аниқ бўлган 22 терма жамоа номи маълум. Яна 10 терма жамоа номи плей-офф ўйинларидан кейин аниқланади. Қуйида мундиалга келмаслиги аниқ бўлган 4 терма жамоа ҳақида мулоҳаза юритилади.

Нидерландия

Нега кутгандик: 
Авваламбор, катта ном. ЖЧ-2014да нидерландияликлар учинчи ўринни қўлга киритишганди. Ўшандан буён саралаш баҳсларида ўта муваффақиятсиз иштирок этишмоқда. Улар Евро-2016 саралашида ҳатто кучли 24таликка кира олишмади, бу сафар эса, ўтса бўладиган гуруҳда Франция ва Швецияни олдинга ўтказиб юбордилар.

Россияда ёрқин ўйин кўрсатиши мумкин эди: 

Арьен Роббен. «Бавария» суперюлдузи учун бу мусобақа фаолиятидаги сўнгги йирик турнир бўлиши мумкин эди, зеро саралаш ўйинлари тугагач, у терма жамоадаги фаолияти якунланганини маълум қилди. Ва албатта, Россия миллий чемпионати энг яхши футболчиси Куинси Промеснинг рус диёрида терма жамоаси сафида ҳаракат қилиши маҳаллий мухлислар учун қизиқ бўлиши шубҳасиз эди.

Нега саралаш ўйинларида муваффақиятсизликка учрашди: 
Икки марта Францияга ва бир марта Болгарияга имкониятни бой беришди. Мураббий алмашиши ҳам фойда бермади – ёш Данни Блинд атиги етти тур ўтиши билан истеъфога чиқарилди. Унинг ўрнига 2017 йилнинг май ойида келган Дик Адвокат тажрибали бўлса-да, анча ёши ўтиб қолган мураббий, жамоадаги ижобий ўзгаришларни амалга ошира олмади. 


Украина

Нега кутгандик: 
Балким айнан футбол туфайли, бир-бирига душман бўлиб қолган икки халқ ўртасида илиқлиқ пайдо қилиш мумкин эди. Мухлислар эса, турнир давомида бир-бирлари билан учрашар ва қарши тараф у қадар ёвуз одамлар эмаслигига амин бўлишлари мумкин эди.

Россияда ёрқин ўйин кўрсатиши мумкин эди:

Андрей Ярмоленко. Собиқ иттифоқ ҳудудидан ҳеч бўлмаса, бир нафар 25 миллион еврога баҳоланган футболчини биласизми? Ярмоленко учун беришди. Кимсан, Дортмунднинг «Боруссия» клуби.  

Нега саралаш ўйинларида муваффақиятсизликка учрашди: 
Умуман муваффақиятсиз ўйнашди деб айтиш мумкин, фақат сўнгги ҳал қилувчи ўйинда кўнгилдагидек ўйнай олишмаганини айтиш мумкин. Украина плей-офф учун сўнгги турда ўз майдонида Хорватияни енгса кифоя эди. Аммо ўйин 0:2 ҳисобидаги мағлубият билан якунланди. «Хорватлар ижро борасида жуда маҳоратли эканини кўрдик», – деди украинлар бош мураббийи Андрей Шевченко. 


Чили

Нега кутгандик:

Сўнгги икки Копа Америка ғолиби ҳар ҳолда. Яқинда бўлиб ўтган Конфедерациялар кубогида финалга чиқишганди. 

Россияда ёрқин ўйин кўрсатиши мумкин бўлган: 

Алексис Санчес. «Арсенал» ҳужумчиси ёзда деярли бутун бой клубларнинг нишонида бўлди. Балки келаси ёзгача ҳам у ўз клубини алмаштириши мумкин, аммо мундиалдаги ажойиб ўйин орқали, унга бўлган талаблар янада кўтарилиб кетиши мумкин эди.

Нега саралаш ўйинларида муваффақиятсизликка учрашди: 
Ҳаддан ташқари кўп мағлубиятлар. 18 ўйинда 8 марта ютқазиб, юқори ўринга даъвогарлик қилиш мушкул. Ҳатто Боливия ва Парагвай каби терма жамоалар ҳам Чилини ютишнинг уддасидан чиқишди. Нега бунча кўп мағлубият? «Баъзилар ғалаба учун бор имкониятини ишга солаётган бир пайтда, баъзилар вақтларини кўнгилхушликка бағишлашди» – деди Чили терма жамоаси дарвозабони Клаудио Бравонинг рафиқаси сўнгги муваффақиятсиз ўйиндан кейин.


АҚШ

Нега кутгандик: 
АҚШ – жаҳон чемпионатларининг доимий иштирокчиси, улар сўнгги марта мундиални 1986 йилда ўтказиб юборишган. Ва албатта, масалан, Россия – АҚШ, АҚШ – Эрон, ажойиб афишалар бўларди.

Россияда ёрқин ўйин кўрсатиши мумкин бўлган: 

Кристиан Пулишич. Балки, АҚШнинг бугунги кундаги энг иқтидорли вакили. Ҳужумкор яримҳимоячи ўтган йили, 18 ёшидан бошлаб «Боруссия» Дортмунднинг асосий таркибида туша бошлади. Жаҳон чемпионати футболчининг янги босқичга кўтарилишида яхшигини пиллапоя бўлиши мумкин эди. Ўхшамади.

Нега саралаш ўйинларида муваффақиятсизликка учрашди: 
Сўнгги турда Тринидад ва Тобагодаги кутилмаган мағлубият. Тринидадликлар бунгача ҳаммаси бўлиб уч очко олишганди ва -13 тўплар нисбатини қайд этиб туришганди... Бирданига бундай кучли ўйин. Ҳатто шу ҳисоб билан ҳам АҚШ ўрнида қолиши мумкин эди, аммо Панама кутилмаганда Коста-Рикани ютиб қўйди ва энди улар ўз тарихларида илк бор финал босқичида қатнашадилар.

Хўш, ўрнига кимлар?
Масалан, Исландия.

Кўпчилик кутганди. Жаҳон чемпионатлари тарихида финал босқичида иштирок этган энг кичик давлат. Исландларнинг Евро-2016 чемпионатидаги ўйинлари эсингиздадир? Австрия, Венгрия ва Португалия каби жамоалар қатнашган гуруҳда исландияликлар иккинчи ўринни олишганди ва бўлажак чемпионлар билан дурангга эришишганди. Инглизлар устидан қозонилган ғалабачи?  

Албатта, хавотирларимиз яхшилик билан тугади ва уларсиз чемпионатни тасаввур қила олмайдиганларимиз, Германия, Франция, Аргентина, Португалия, Бразилия каби терма жамоалар ҳам Россияга боришади. 

Хориж матбуоти материаллари асосида Қаҳрамон Асланов тайёрлади.

Мавзуга оид