Шимолий-ғарбий дерби, «Челси»нинг сенсацион, «Арсенал»нинг одатий мағлубияти ва турнинг бошқа воқеалари
Бугун, 16 октябрь оқшомида бўлиб ўтадиган «Лестер» – «Вест Бромвич» ўйинини айтмаса, Англияда 8-тур ўз якунига етди. «Tribuna.uz» анъанавий тарзда Англия Премьер Лигасининг навбатдаги турига назар ташлайди.
ТУР ЎЙИНИ
«Ҳамма худдики «Ливерпуль» ҳужумкор ўйнаганини, бизнинг эса, ҳимояланганимизни айтмоқда. Лекин эътибор берингчи, Клопп ҳужумни кучайтириш учун бирор ҳаракат қилдими? «Ливерпуль»нинг ўйинчи алмаштиришлари ҳужумни кучайтириш учун бўлдими? Йўқ!», – деди Жозе Моуриньо ўйиндан кейинги матбуот анжуманида.
Бундай катта ўйинларда «Ливерпуль» тезкор ҳужумларни, «Юнайтед» эса, майдон марказини «бетонлаш»ни бош мақсад қилишини яхши биламиз. Қизиғи, ҳар икки жамоа учун ҳам мана шу йўналишдаги энг муҳим футболчиларнинг сафда бўлмаганлари эди. Мезбонлардан Мане, меҳмонлардан Феллайнининг йўқлиги, балки мураббийларнинг ўйинга сал бошқачароқ ёндашиши мумкинлигидан дарак берарди.
Юрген Клопп жамоаси айниқса, 2-бўлимда катта ташаббусга эга бўлса-да, жуда эҳтиёткор бўлганини эътироф этиш жоиз. Марказдаги Жан – Вейналдум – Ҳендерсон учлиги ўйин охиригача ўзгаришсиз қолди ва барча алмаштиришлар позициялар бўйича бўлди – уч ҳужумчи бошқа уч ҳужумчи ўрнига майдонга тушди. Моуриньо ҳамкасбидан бундай эҳтиёткорликни кутмагани табиий.
Моуриньо бу ҳақида очиқ айтди: «Мен улар ниҳоят марказдаги бир футболчи ўрнига тўртинчи ҳужумчини туширишларини кутдим. Бу ҳақида танаффусда футболчиларга ҳам айтдим, режамиз, ўшандай ҳолатда Рэшфорд ва Лингард ёрдамида қарши ҳужумлар уюштириш эди. Аммо Клопп бу ишни қилмади ва бу ҳолат бизнинг вазифамизни қийинлаштириб юборди. Марказни қўлга олиш учун ихтиёримда футболчи йўқ эди, «Ливерпуль» марказидаги учлик эса, жуда яхши прессинг қилди ва устунликни таъминлади».
Агар Клопп ҳужумни мана шу учликдан бирини олиб ташлаш орқали, амалга оширганда, якун нима бўларди, айтиш мушкул. Лекин Мане ва Погбанинг жароҳатлари қайси жамоага кўпроқ таъсир қилганини пайқаса бўлади. Клопп ярим ҳимоячиларни ўйин охиригача алмаштирмаганидан билиш мумкинки, Мане соғ бўлганида, кўпроқ Салоҳ ёки Фирминодан бирининг ўрнини эгаллаган бўларди. Бу футболчиларнинг услуби ва вазифалари Маненикига яқин, демак «Ливерпуль» учун ўйин картинаси ўзгаришсиз қоларди.
Моуриньо эса, Погба мисолида, марказда тўпни назорат қила оладиган ва асосийси, узоқ масофаларда аниқ паслар бериши мумкин бўлган қуролдан айрилганди. Қанотларга терма жамоалар йиғинида қатнашмаган Марсиял ва Янг жойлашганидан, урғу тезкор қарши ҳужумларга қаратилганини англаш мумкин, аммо улар ҳам, Мхитарян ҳам кўпроқ тўпни ҳужумга ўзлари билан олиб боришга одатланган, буни эса, «Ливерпуль»нинг тезкор ўйинчилари прессинг билан «еб ташлашди». Эррера эса, майдонда энг кўп (9) марта рақибдан тўпни олиб қўйган бўлса-да, унга жисмоний куч етишмади – шунча марта тўпни йўқотди ҳам.
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, «Ливерпуль» ғалабага яқинроқ эди ва яратилган вазиятлар борасида ҳам яққол устунлик қилди. Аммо якунланган терма жамоалар билан боғлиқ танаффуслар ҳар икки жамоага ҳам таъсирини кўрсатди. Клоппнинг эҳтиёткорлиги ҳам айнан шу нарса билан, футболчиларнинг жисмоний ҳолати билан боғлиқлигини тахмин қилиш мумкин.
«МОУРИНЬО АВТОБУСИ»
Кучли рақибларга қарши сафарда дуранг, ўз майдонида эса, имкон қадар барча ўйинларда ғалаба қозониш – Жозе Моуриньонинг чемпионлик формуласи бу ва йиллар давомида ўзгармай келмоқда. Албатта, майдон марказидаги муаммолар туфайли, Жозе шундай ўйнашдан бошқа йўл топа олмаганини айтиш мумкин, лекин португалиялик мутахассиснинг Манчестердаги фаолиятида назар ташласак, бу одатий «автобус» эканини кўрамиз.
«МЮ» Жозе Моуриньо қўл остида топ-6 жамоаларига қарши шу кунгача 6 ўйинда майдонга тушди ва атиги 1та гол урди холос. У ҳам бўлса, ҳеч нарсани ҳал қилмайдиган «Тоттенҳэм»га қарши ўйиндаги муҳим бўлмаган гол эди холос. Моуриньо айнан дурангни ният қилиб келган ўйинларда «Ливерпуль» билан икки марта ва бир марта «Манчестер Сити» билан, 0:0 ҳисобини сақлаб қолишнинг уддасидан чиққан. Фақат «Челси» майдонида бу режа амалга ошмаган, Педронинг 1-дақиқадаги голи барчасини бузиб юборганди. Ўшанда олдинга боришга мажбур бўлган манчестерликлар 0:4 ҳисобида мағлубиятга учради.
Мавсумдаги энг қийин сафарлардан бири «Энфилд»да, Погба ва Феллайнисиз очиқ ўйин қилиш мумкинмиди? Балки. Бу ҳолатда барча Моуриньонинг ўзгарганини айтиши, «Манчестер Юнайтед» эса, ниҳоят ҳужумкор бўлиб қолганини эътироф этишлари мумкин эди. Шу билан биргаликда, бундай муносабат, «Арсенал»да бўлгани каби, 0:4 ҳисобидаги мағлубиятга олиб келиши эҳтимоли ҳам бор эди. Заррача шундай эҳтимол бор экан, Моуриньодан бошқача ўйин кутманг, «МЮ» мухлислари. Автобус – бу Жозе Моуриньонинг ўзига хос бренди, унинг деярли барча йирик ғалабаларининг остидан шундай ўйинлар чиқиб келади. Мураббийни қабул қилдингизми, баъзида мана шундай ўйинлар томоша қилишга тайёр туришингиз керак. Моуриньо қаерда уч очко ётганини ва қаерда бир очкога рози бўлиш кераклигини билади.
ТУР ИҚТИБОСИ
Ҳисобнинг ҳаққоний ёки ҳаққоний эмас, мавзуда гапирмоқчи эмасман, сабаби, биз 20 эмас, 2-3та чинакам вазият яратдик, холос. Рақиб ҳимояга катта эътибор берди ва «очилмади». Уларнинг бу ҳаракатини танқид қилмоқчи эмасман, аммо совринлар учун курашаётган «Манчестер Юнайтед»нинг бу услубини «Ливерпуль» ҳеч қачон қўлламайди. Биз ҳеч қачон вазият пойлаб «ётмаймиз», олдинга боришга ҳаракат қиламиз.
«WATFORD TIME»
Ўтган сафар жамоа ҳужумчиси Ришарлисоннинг сўнгги дақиқалардаги голлари ҳақида ёзгандик, аслини олганда, бу дақиқалар умуман «Уотфорд»нинг хусусияти бўлиб бормоқда. Ўйиннинг сўнгги дақиқаларида «Арсенал» дарвозасини пенальтидан ишғол қилган «Уотфорд» қаторасига уч ўйинда 90-дақиқаларда гол урмоқда. Бу голларнинг ҳар бири муҳим бўлгани, жамоага икки марта ғалаба, бир марта дуранг олиб келганини таъкидлаш жоиз.
Жамоа етакчиси Трой Дини эса, «Арсенал» футболчиларининг етарлича «эркак» эмасликлари ҳақида ҳамма жойда гапириб юрибди:
«Ҳар сафар «Арсенал» билан ўйнаганимизда бунга амин бўламан – мен тўп учун курашларда имкон қадар агрессив бўлишга интилганимда, мен билан курашга қўрқишади. Масалан, Мартезакерни ҳаво курашида ютишим учун сакраб ҳам ўтирмадим, у мен билан курашгани қўрқди. Баллериннинг қўполлиги ҳақида, нима дейишим мумкин, у сочини қизларники каби ўстириб олган ва бу сочлар туфайли у нима қилаётганини билмай қолди, шекилли»
«КРИСТАЛ ПЭЛАС» ҲИСОБНИ ОЧДИ
Премьер Лига давриини қўйиб туринг, Англия чемпионатининг 1899/1900 мавсумида «Ливерпуль» дастлабки 8 учрашувда мағлубиятга учраб, антирекорд соҳиби бўлиб турган эди. Навбатдаги рақиб «Челси» эканидан келиб чиқиб, «бургутлар» бу рекордни янгилаши ҳақиқатга яқинроқдек туюлганди. Аммо Хожсон шогирдлари нафақат мавсумдаги илк голларини киритдилар, балки чемпион устидан ажойиб ғалабага ҳам эришдилар. Ушбу ўйинда «Кристал Пэлас»га ёрдам бериши мумкин бўлган барча омиллар ишлаганига эътибор бериш лозим.
Биринчидан, терма жамоалар билан боғлиқ танаффус кўпроқ «Челси»га халақит бериши табиий эди, чунки, терма жамоа йиғинларига борадиган футболчилар сони Контеда кўпроқ эди. «Кристал Пэлас» эса, тўлиқроқ таркибда учрашувга узоқ вақт тайёрланиш имконига эга бўлди.
Иккинчидан, мезбонларнинг етакчи ҳужумчиларидан бири Уилфрид Заа 1-турда жароҳат олганича, жамоасига ёрдам бера олмай келаётганди. Унинг сафга қайтиши ҳужумдаги ранг-барангнинг ошириши ва “Кристал Пэлес”ни хавфлироқ жамоага айлантириши кутилаётганди. Шундай бўлди ҳам, Заа ҳал қилувчи гол муаллифи бўлди.
Учинчидан, «Челси»нинг бир қатор муҳим футболчилари жароҳат олишганди. Алваро Моратанинг ўрнини босиши керак бўлган Батшуайи ишончни оқлай олмади ва 57-дақиқадаёқ алмаштирилди. Майдон марказида Нголо Кантенинг йўқлиги эса, энг катта йўқотиш бўлгани табиий. Асосан Кантенинг вазифаларини бажарган Бакойоко якунда учрашувнинг энг яхши ўйинчиси деб эътироф этилган бўлса-да, айниқса, ўйин охирида майдон марказини қўлга олиш учун Нголо етишмади.
«ГАПИР, БЕНЖАМИН, ГАПИР»
Жое Бартонни биз кўпроқ майдондаги ўйинлари орқали эмас, асосан узун тили, ижтимоий тармоқлардаги фаоллиги орқали яхши биламиз. Ёзда «Монако»дан трансфер қилинган Бенжамин Менди Англиядаги мана шундай футболчилар сафини тўлдирди, десак бўлади.
Мавсумни яхши бошлаган, аммо оғир жароҳат сабабли, энди мавсум охиригача майдонга тушиши гумон ортида қолган франциялик ҳимоячи твиттерда барчанинг эътиборида бўлишга интилмоқда. Аввалига, у Пеп Гвардиоланинг Менди жароҳати туфайли январда бошқа футболчи олиши мумкинлиги ҳақидаги фикрларини ёзган «Манчестер Сити» расмий аккаунтига «Менинг ўрнимни Фабиан Делф билинтирмай туради» деб жавоб ёзди. «Сток Сити»га қарши ўйиндан кейин эса, Менди жамоасини атрофидаги барча мавжудотларни еб бораётган акулага ўхшатди. Англиядаги бошқа жамоалар ўша мавжудотлар эмиш.
Албатта, тан олиш лозимки, Мендининг бу баҳоси «шаҳарликлар» кўрсатаётган ўйинларига жуда мосдир. Пеп Гвардиола шогирдлари барча мусобақалардаги сўнгги 9 ўйинда қаторасига ғалаба қозондилар. Бу ўйинлардаги тўплар нисбати ҳам рақибларни даҳшатга солади – 34-4!
РАҚАМЛАР
- «Саутҳэмптон» ҳужумчиси Шей Лонг 246 кундан буён гол ура олмаяпти.
- «Уотфорд» АПЛда қаторасига уч ўйинда 90-дақиқаларда гол урган илк жамоа бўлди.
- «Тоттенҳэм» ушбу мавсумда ўз майдонидаги илк ғалабасига эришди.
- Атиги 8 тур ўтган бўлса-да, Фақат «Манчестер Юнайтед» ва «Арсенал» ушбу мавсумда ҳали ўз майдонларида очко йўқотишгани йўқ.
- Чех «Арсенал» сафидаги ўйинларда унинг дарвозасига белгиланган 12 пенальтининг бирортасини ҳам қайтара олмаган.
- Кевин Де Брюйне ўзининг «Манчестер Сити»даги дебют ўйинидан (2015, сентябрь) буён 32 голли узатма амалга оширган. Шу давр учун энг юқори кўрсаткич.
- Давид Де Хеа ушбу мавсумда 5 маротаба «ўта хавфли» деб баҳоланадиган вазиятларда жамоасини қутқарди. Бу лигада энг яхши кўрсаткичдир.
- Бу турда ҳозирча меҳмонлар бирор ўйинда ҳам ғалаба қозона олишмади. 4 дуранг, 5 мағлубият.
Турнир жадвали
Мавзуга оид
15:52 / 10.11.2024
«Арсенал»да ҳам инқироз. Бунинг сабаблари нимада?
16:05 / 08.11.2024
«Олд Траффорд»да «Аморим-бол»: Янги мураббий қўл остидаги «МЮ» қандай тактик ечимлар тақдим этади?
12:28 / 07.11.2024
«Вилла» ўйинида аҳмоқона пеналти, «Барса» истаганча гол урмоқда. Кун ўйинлари
12:26 / 04.11.2024