Бош вазир ўринбосари ва Марказий банк раиси АҚШда учрашувлар ўтказди
Жаҳон банки Гуруҳи ва Халқаро валюта жамғармаси Бошқарувчилар кенгашлари йиллик сессияларида иштирок этиш доирасида Ўзбекистон Республикаси бош вазири ўринбосари Жамшид Қўчқоров ва Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратовдан иборат делегация Корея Республикаси ва Швейцария делегацияларининг вакиллари билан учрашди.
Корея Республикаси бош вазирининг ўринбосари Ким Донг-Йон билан учрашувда савдо-сотиқ, инвестициялар ва молиявий-техник соҳаларда Ўзбекистон-Жанубий Корея алоқаларини янада чуқурлаштириш масалалари муҳокама қилинди, деб хабар берди Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати.
Ҳозирда Жанубий Кореянинг етакчи компаниялари билан ҳамкорликда нефть-газ, нефть-кимё ва кимё, тоғ-кон саноати, машинасозлик, электротехника ва тўқимачилик саноати, ахборот-коммуникация технологиялари, транспорт ва логистика, туризм соҳаларида устувор инвестиция дастурлари ва лойиҳалари ишлаб чиқилмоқда ҳамда амалга оширилмоқда.
1992 йилги Савдо битимига мувофиқ, мамлакатлар ўртасида қулайлик яратиш режими ўрнатилди. Корея Республикаси Ўзбекистоннинг савдо-сотиқ шериклари орасида Осиё-Тинч океани минтақасида етакчи ўринни эгаллайди. Ўтган йили ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 1 миллиард доллардан ошди. Ўзбекистон иқтисодиётига жалб қилинган Жанубий Корея сармоясининг ҳажми 7 миллиард доллардан кўпроқни ташкил этди.
Швейцариянинг иқтисодиёт бўйича федерал канцлери Йохан Шнейдер-Амман билан музокараларда Ўзбекистон ва Швейцария ўртасида савдо-иқтисодий, сармоявий ҳамда молиявий соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди. Жаҳон банкининг Швейцария гуруҳи доирасида келгусидаги ўзаро алоқалар масалалари кўриб чиқилди ва келишиб олинди.
Йохан Шнейдер-Амман Ўзбекистонга ташриф буюриб, ўзбекистонлик шериклар билан учрашувлар ўтказиш ва икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилиш режалари борлигини маълум қилди.
Бугунги кунда Ўзбекистон Швейцария билан биргаликда 2017 йил июнь ойида Цюрихда бўлиб ўтган бизнес-форумда икки мамлакат ишбилармон доиралари иштирокида эришилган қатор келишувларни амалга оширмоқда. Швейцария капитали иштирокидаги сармоявий лойиҳалар фармацевтика, тўқимачилик, озиқ-овқат, кимё, машинасозлик, электротехника ва бошқа соҳаларда амалга оширилмоқда.
Мавзуга оид
17:22 / 17.11.2024
Трамп Афғонистондан АҚШ қўшинларини олиб чиққанларни жазоламоқчи – ОАВ
10:05 / 17.11.2024
Трампнинг қайтиши: Украина масаласида АҚШ ва Европанинг позицияси бўлинадими?
21:19 / 16.11.2024
Трамп Оқ уй тарихидаги энг ёш матбуот котибини тайинлади
15:52 / 16.11.2024