Ўзбекистон | 09:12 / 18.10.2017
9977
2 дақиқада ўқилади

Бош вазир ўринбосари ва Марказий банк раиси ЖБ ҳамда ХВЖ вакиллари билан учрашди

Фото: mfa.uz

Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) гуруҳлари Бошқарувчилар кенгашларининг йиллик йиғилишларида Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари Жамшид Қўчқоров ва Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратовдан иборат делегация Вашингтонда ушбу ташкилотларнинг юқори даражадаги вакиллари билан учрашувлар ўтказди.

Халқаро валюта жамғармасининг ижрочи директори Хинам Чой билан учрашув чоғида Ўзбекистон билан жамғарма ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш юзасидан фикр алмашилди, деб хабар берди Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.

ХВФ ижрочи директори Ўзбекистон Республикасига техник кўмаклашиш дастурларини кенгайтириш, пул-кредит сиёсатини самарали амалга ошириш, давлат статистикаси соҳасидаги механизмларни такомиллаштириш ва валюта бозорини либераллаштиришда солиқ солиш базасини диверсификация қилиш бўйича маслаҳатлар ва тавсиялар беришга тайёрлигини билдирди.

ХВЖ тақсимловчи директорининг ўринбосари Тао Чжан учрашувда Халқаро Валюта Жамғармаси республика иқтисодиёти юқори ўсиш суръатларини таъминлаш ва халқнинг турмуш даражасини яхшилаш мақсадида Ўзбекистон билан ҳамкорликни чуқурлаштириш ниятида эканини яна бир бор тасдиқлади.

Фото: mfa.uz

Жаҳон банки гуруҳига кирувчи Халқаро молия корпорациясининг (ХМК) давлат-хусусий сектор ҳамкорлиги масалалари бўйича глобал раҳбари Эммануэль Нйирикинди бошчилигидаги вакиллари билан учрашувда Ўзбекистон билан ушбу ташкилот ўртасидаги маслаҳат хизматлари соҳасида ҳамкорликни янада кенгайтириш истиқболлари, қуёш энергетикасини ривожлантириш ва йўл-транспорт инфратузилмасини яхшилаш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш муҳокама қилинди.

Хорижий экспертлар Ўзбекистонда давлат-хусусий сектор ҳамкорлигини кенгайтириш, шунингдек, мамлакатда Халқаро молия корпорацияларининг бошқа лойиҳаларини амалга ошириш бўйича ўз қарашларини тақдим этдилар.

Мавзуга оид