Президент Шавкат Мирзиёев 14 январ куни энергия самарадорликни ошириш ҳамда электр энергияси таъминотида бозор механизмларини жорий этиш юзасидан тақдимот билан танишди.
Энергия самарадорлиги
Ўзбекистон энг кўп энергия сарфлайдиган мамлакатлар қаторига киради. Хусусан, республикада биноларнинг якуний энергия истеъмолидаги улуши қарийб 50 фоизни ташкил этиб, бир квадрат метрга тўғри келадиган энергия сарфи Европа мамлакатларига нисбатан бир неча баробар юқори.
Шу боис, ўтган йилда энергия самарадорлик соҳасидаги ислоҳотларни тизимли йўлга қўйиш мақсадида алоҳида агентлик ташкил этилди. Ушбу тузилмага 2030 йилга қадар иқтисодиётда энергия сарфини камида 20 фоизга, давлат идоралари ва ижтимоий объектларда эса энергия истеъмолини 15 фоизга қисқартириш вазифаси юклатилган.
Тақдимотда агентликнинг 2026 йилдаги фаолияти режалари кўриб чиқилди.

Қайд этилишича, Ўзбекистонда биноларнинг катта қисми ўтган асрнинг 60-70-йилларида қурилган бўлиб, уларда энергия сарфи даражаси юқорилигича қолмоқда. Шу боис, ижтимоий объектлар ва аҳоли турар жойларини энергия самарадор объектларга айлантириш бўйича кенг кўламли ишлар режалаштирилган. Жорий йилда бунга 150 миллиард сўм субсидия ва компенсация маблағлари йўналтирилади.
Республикадаги 30 мингга яқин ижтимоий объектларнинг энергия самарадорлигини оширишда халқаро молия институтлари иштироки ва хусусий сектор инвестицияларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Жорий йилги инвестиция дастури доирасида 770 та ижтимоий объект энергия самарадорлик стандартлари асосида модернизация қилинади. Бунга халқаро молия институтларидан 264 миллион доллар маблағ жалб этилади.
Шу билан бирга, энергияни тежаш орқали даромад олиш механизмлари – энергия сервис компанияларининг хизматларини (ESCO) ривожлантириш ва ушбу бозорни шакллантириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Биноларни энергия аудитдан ўтказиш, энергия самарадорлик стандартлари асосида лойиҳалаш ва моделлаштиришда рақамли технологиялар ҳамда сунъий интеллект имкониятларини кенг қўллаш режалари ҳақида ахборот берилди.









