Иқтисодиёт | 11:08
2161
3 дақиқада ўқилади

Жамшид Қўчқоровда нефт-газ бўйича ўринбосар пайдо бўлди

Энергетика соҳасида яна бир тайинлов рўй берди. Соҳа бошқарувини кучайтириш мақсадида, иқтисодиёт ва молия вазирининг нефт ва газ бўйича ўринбосари лавозими жорий этилиб, унга Хуршид Мустафоев тайинланди. У 2020 йилдан буён тариф сиёсатига масъул лавозимда ишлаб келган, 2024 йилда бошланган электр энергияси ва табиий газ тарифларидаги ўзгаришлардан кейин вазир ўринбосари лавозимига кўтарилганди.

Хуршид Мустафоев / Фото: Молия вазирлиги матбуот хизмати

Ўзбекистон президентининг топшириғи билан, энергетика соҳасидаги бошқарувни кучайтириш мақсадида иқтисодиёт ва молия вазирининг нефт ва газ бўйича ўринбосари лавозими жорий қилинди.

Бу лавозимга Мустафоев Хуршид Бахтиёрович тайинланди. У бунга қадар ҳам иқтисодиёт ва молия вазирининг ўринбосари сифатида ишлаб келаётганди (унинг карьераси ҳақида маълумот хабар сўнггида келтириб ўтилмоқда).

Бош вазир ўринбосари – иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоровнинг айтишича, янги лавозимнинг жорий этилиши – энергетикада “тизимли ислоҳотларни амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади”.

Фото: "Ўзбекнефтгаз" матбуот хизмати

Қўчқоров бу ҳақда 18 декабр куни “Ўзбекнефтгаз” АЖда бўлиб ўтган йиғилишда айтиб ўтди. Бу йиғилишда компания раиси лавозимига тайинланган Абдуғани Сангинов жамоага расман таништирилди ва соҳа олдида турган долзарб масалалар муҳокама қилинди.

Эслатиб ўтамиз, Сангинов бунгача “Ўзбекгидроэнерго” АЖни бошқариб келаётган эди. У янги лавозимида Баҳодир Сиддиқовнинг ўрнини эгаллади. Ушбу кадр ўзгаришлари Ўзбекистон президентининг энергетик хавфсизлик бўйича вакили Алишер Султоновнинг истеъфоси фонида рўй берди.

Хуршид Мустафоев ҳақида

1981 йилда Бухоро вилоятида туғилган, миллати ўзбек. 2002 йилда Тошкент молия институти, 2009 йилда Ўзбекистон Банк-молия академияси, 2014 йилда Рицумэйкан университетини (Япония) тамомлаган.

2015 йилдан бошлаб Молия вазирлиги Саноатнинг базавий тармоқлари ва ёқилғи-энергетика мажмуйи молияси бошқармасида турли лавозимларда ишлаган. Кейинчалик, Молия вазирлиги Тариф сиёсати ва давлат корхоналарини ислоҳ қилиш бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, сўнгра биринчи ўринбосари лавозимларини эгаллаган, 2020 йил ноябр ойида ушбу бошқарма бошлиғи этиб тайинланган.

Хуршид Мустафоев тариф сиёсатига масъул бўлган даврда – 2024 йил 1 майида электр энергияси ва табиий газ тарифларини эркинлаштириш бошланган эди. У 2024 йил апрел ойидаги чиқишида электр энергиясининг таннархи қарийб 1000 сўм, табиий газ таннархи эса 2000 сўм эканини маълум қилганди.

Нархлар оширилгач, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги матбуот хизматининг 2024 йил 4 июлдаги хабарида Хуршид Мустафоев вазир ўринбосари сифатида қайд этилган.

2025 йил март ойида энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг “Ўзкимёсаноат” АЖ Кузатув кенгаши раиси лавозими муддатидан илгари тугатилиб, унинг ўрнини Хуршид Мустафоев эгаллади. Мустафоев, шунингдек, “Ўзбекнефтгаз”, “Ўзбекгидроэнерго” ва ОКМК каби давлат корхоналари кузатув кенгашининг ҳам аъзоси ҳисобланади.

Мавзуга оид