Жаҳон | 09:43 / 18.10.2017
3383
2 дақиқада ўқилади

Facebook’даги сиёсий рекламаларни махсус хизмат ходимлари текширади – Bloomberg

АҚШнинг Facebook корпорацияси миллий хавфсизлик тизимларига кириши мумкин бўлган ходимларни ёллайди, уларга АҚШдаги сайловларга хорижий давлатларнинг аралашувига қарши курашиш вазифаси топширилади, деб хабар бермоқда Bloomberg агентлиги.

Facebook’нинг тахмин қилишича, махфий маълумотни олиши мумкин бўлган ходимлар ижтимоий тармоқдаги «қўпорувчилик» кампаниялари бошланишини тезда кузатиб боришади, шунингдек, АҚШ маъмуриятидан эҳтимолий таҳдидлар ҳақида маълумот олишади.

Янги ходимлар давлатдан ташқи таҳдидлар ҳақидаги махфий маълумотларни олишлари керак бўлади. Ушбу маълумотлар Facebook платформасида эълон қилинган рекламаларни таҳлил қилишда эътиборга олиниши керак.

Bloomberg’нинг таъкидлашича, бундай ходимлар ичига махсус хизматларнинг собиқ ва ҳозирги ходимлари, шунингдек, давлат идоралари билан келишилган ҳолда ишлайдиганлар кириши керак. Бу тоифаларнинг барчаси махфий файлларга кириш имкониятига эга. Агентликнинг манбалари бу билан ўз номлари ошкор этилишини истамасликларини билдиришган.

Facebook’да Bloomberg’га бу маълумот бўйича изоҳ беришдан бош тортишди, Марказий разведка бошқармаси ва Миллий хавфсизлик вазирлиги ҳам сўровга жавоб қайтармаган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид