Ўзбекистон | 10:30 / 19.10.2017
12582
2 дақиқада ўқилади

Кореялик мутахассислар Тошкент аэропортини яхшилашга ёрдам беради 

Фото: Ўзбекистон ҳаво йўллари

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси «Инчхон» (Корея) Халқаро аэропорти корпорацияси билан музокаралар ўтказди. Унда «Тошкент-4» йўловчи терминалини лойиҳалаштириш ва «Тошкент-2» терминалидан фойдаланишни оптималлаштириш масалалари муҳокама қилинди. Бу ҳақда МАК матбуот хизмати хабар берди.

Корея томони И.Каримов номидаги пойтахт аэропортида йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш бўйича маслаҳатчи сифатида таклиф қилинди.

Кореялик мутахассислар лойиҳалаштирилаётган «Тошкент-4» терминали ўлчамларини ҳисоблаш методологияси ва лойиҳа бўйича капитал маблағлар киритиш, шунингдек, «Тошкент-2» терминалидаги қулайлик ва тақдим этилаётган сервисни ошириш, ҳамда унинг ўтказиш имкониятини режалаштириш қарорларини қайта кўриб чиқиш йўли орқали кўпайтириш бўйича ўз қарашларини тақдим этишди.

Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, Ислом Каримов номидаги «Тошкент» халқаро аэропорти бугунги кунда МДҲ давлатларидан Жануби-Шарқий Осиё, Европа ва Америкага борувчи ҳаво йўллари кесишмасида жойлашгани туфайли қулай географик ўринни эгаллайди. Аэропорт деярли дунёнинг деярли барча йирик шаҳарлари билан ҳаво йўналишлари орқали боғланган. Аэродром ўз ичига иккита учиш-қўниш йўлаги ва ИКАО иккинчи тоифасини қамраб олади, у барча турдаги ҳаво кемаларини қабул қилиш имконини беради. «Тошкент-2» терминалининг ўтказиш имконияти – соатига 1 минг йўловчидан ортиқ. Ҳар йил унинг хизматларидан 2,5 миллиондан ортиқ йўловчи фойдаланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид