Жаҳон | 22:10 / 19.10.2017
16653
2 дақиқада ўқилади

Санкциялар туфайли Ким Чен Иннинг ҳар бир ўқувчига тўп совға қилиш режаси амалга ошмай қолди

Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин ўз вақтида мамлакатдаги ҳар бир ўқувчига футбол тўпи совға қилиш топшириғини берганди. Бироқ унинг бу истаги халқаро санкциялар сабабли амалга ошмай қолди. Бу ҳақда Япониянинг Asahi нашри хабар бермоқда.  

Маълум қилинишича, режага кўра Шимолий Кореяда 12 йиллик мажбурий таълим тизимида таҳсил олувчи миллионга яқин ўқувчига тўп бериш кўзда тутилган, бироқ кейинроқ дастур тўхтатиб қўйилган. Шимолий Корея етакчиси шу йўл билан мамлакатда спорт ва ўзининг нуфузини оширмоқчи бўлганди.

Таъкидланишича, Шимолий Кореяда футбол тўплари ва бутсалар ишлаб чиқарувчи корхоналар йўқ. Ким Чен Ин эса футболнинг ашаддий мухлиси ҳисобланади.

Ўз вақтида Жанубий Корея ва Шимолий Корея ўртасида Пхеньянда футбол анжомлари ишлаб чиқарувчи корхона ташкил этиш бўйича музокаралар олиб борилган, бироқ Сеул 2010 йилда Шимолга қарши санкциялар киритгандан кейин бу режадан воз кечишга тўғри келган.

Нашрнинг таъкидлашича, Ким Чен Ин ҳокимият тепасига келгандан бери, спортга катта урғу бериб келади, бутун мамлакат бўйлаб кўплаб спорт майдонлари қурилган. Шунингдек, жисмоний тарбия ва спорт бўйича давлат комиссияси таъсис этилган. 

Шимолий Кореяда айниқса футбол жуда оммалашган. Ушбу мамлакатнинг аёллар терма жамоаси 2016 йилги жаҳон чемпионати ғолиби бўлди, эркаклар терма жамоаси эса ЖАРда ўтган 2010 йилги жаҳон чемпионати финал босқичига чиқа олганди. 

Мавзуга оид