Ўзбекистон | 22:45 / 19.10.2017
19623
2 дақиқада ўқилади

Тошкентдан Қошғарга Ўш орқали элтувчи автомобиль йўлида қатновлар синовдан ўтказилади

Фото: Sputnik

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 19 октябрь куни Қирғизистон ташаббусига кўра Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбоев билан телефон орқали мулоқот қилди.

ЎзА хабарига кўра, суҳбат давомида Шавкат Мирзиёев Алмазбек Атамбоевни 15 октябрь куни Қирғизистон президенти сайлови муваффақиятли ўтгани билан табриклади.

Давлат раҳбарлари яқинда бўлиб ўтган олий даражадаги ўзаро ташрифлар чоғида эришилган келишувлар ва имзоланган битимларни амалга ошириш борасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалаларини анъанавий дўстлик ва амалий руҳда атрофлича муҳокама қилди.

Ўзбекистон—Қирғизистон давлат чегараларининг қолган участкаларига оид тегишли шартномани ҳуқуқий жиҳатдан расмийлаштириш ва имзолаш жараёнини тезроқ якунлаш, шунингдек, чегара ўтказиш пунктларининг самарали фаолиятини таъминлашдан икки томон ҳам манфаатдор экани таъкидланди.

Транспорт-коммуникация тизимидаги ўзаро алоқалар, хусусан, шу ойнинг охирига режалаштирилган «Тошкент—Андижон—Ўш—Иркештом—Қошғар» йўналиши бўйича ҳамкорликда автомобиль қатновини синовдан ўтказиш муҳим аҳамиятга эга экани қайд этилди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид