Ислом Каримовдан Барак Обамагача. Атамбоев президентлик даврида кимлар билан зиддиятга борган?
Қирғизистоннинг Kaktus.media нашри мамлакат собиқ президенти Алмазбек Атамбоев фаолиятига оид қизиқ маълумотларни тўплади. «Бир эмас, икки эмас, ундан кўп бора Қирғизистоннинг ўша пайтдаги президенти дипломатик ихтилофлар марказида қолаверган», деб ёзади сайт. Қуйида Атамбоевнинг кимлар билан дипломатик зиддиятларга боргани келтириб ўтилган.
Ўзбекистон
Kaktus.media'нинг ёзишича, Ўзбекистон биринчи президенти Ислом Каримов ва қирғиз сиёсатчиси орасидаги муносабатлар унчалик яқин бўлмаган.
Бундан ташқари, Алмазбек Атамбоевнинг очиқ танқидлари, мамлакат раҳбари шахсига йўналтирилган мурожаатлари салбий оқибатларга олиб келган. Гап шундаки, 2014 йил Қирғизистоннинг жанубий вилоятлари Ўзбекистон томонидан етказиб бериладиган газ ёқилғисидан маҳрум бўлганди. Аммо, Ўзбекистон Республикасида янги президент, Шавкат Мирзиёев раҳбар этиб сайланганда, Алмазбек Атамбаев унга нисбатан илиқ муносабатда эканини яшириб ўтирмади.
Қозоғистон
Мамлакатда сайлов кампанияси бошланишидан то якунлангунига қадар Алмазбек Атамбоев қозоғистонлик сиёсатчиларни, хусусан президент Нурсултон Назарбоевни кескин танқид қилишдан ўзини тийиб тура олмади. Аммо 18 октябрь куни ўз ҳаракатларига изоҳ бера туриб, у сўзларига ўзи ҳам шубҳа қилиб қолганини айтади.
«Балки, мен ана шунда хато сўзлагандирман. Шу кунларда ўйлаб қолдим, Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев шахсига нисбатан жуда эҳтирос билан мурожаат қилдим», деди у. Айтиб ўтиш жоизки, бу Қозоғистон билан юз бераётган биринчи эмас, балки тўртинчи дипломатик тортишув эди.
АҚШ
2015 йилнинг ёзида АҚШ Давлат департаменти қирғизистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Азимжон Асқаровни мукофотлаши аён бўлди. Бу эса қирғиз элитасида саросимани пайдо қилиб, ТИВ расмий норозилик нотасини юборишга ҳам улгурди. Шунингдек, президент Алмазбек Атамбоев «бу ишларнинг барчаси миллатлараро урушни келтириб чиқариш учун навбатдаги уриниш», дея АҚШнинг фаолиятини қаттиқ қоралади. Орадан бир муддат ўтиб, Time газетасига интервью берган президент АҚШ етакчиси Барак Обамани танқид қилишни бошлади.
«Мен Обамани қаттиқ ҳурмат қилардим, аммо АҚШ Давлат департаменти ва ҳукумати олиб бораётган хатти-ҳаракатлар менга ёқмаяпти. Масалан, Ўзбекистон собиқ президенти Ислом Каримов минтақада можаро келиб чиқиши мумкинлигини айтганда, АҚШ уларга 328та ҳарбий пиёда машинасини етказиб берди», деб айтганди у.
Беларусь
2015 йил бошида Беларусь пойтахти Минск шаҳрида қирғиз миллатига мансуб жиноят оламида авторитет сифатида эътироф этилган Алманбет Анапиев ўлдириб кетилди. Қотилликни уюштирганликда Жаниш Бакиев (унинг акаси Курманбек Бакиев даврида Жаниш Давлат хавфсизлиги хизматини бошқарган) ва Бакиевлар оиласининг бошқа икки дўсти - Ойбек Абдуразоқов ва Рустам Сайдуллаев асосий гумондор сифатида эълон қилинган.
Орадан бир неча кун ўтиб, Қирғизистон президенти танқидий нутқ билан чиқиш қилди.
«Бакиевларнинг нақадар жирканч оила эканини билиш учун бу камми? Беларусь эса уларни халқаро конвенция талабларига хилоф равишда сақлаб келмоқда. Бунинг устига миллий паспорт бериб қўйган, давлат мукофотлари билан тақдирлайди», деганди Алмазбек Атамбоев.
Туркия
2016 йил июль ойида Туркияда давлат тўнтаришига уриниш бўлиб ўтди. Туркия ТИВ бу ҳаракатларда Фатхуллоҳ Гулленнинг қўли борлигини маълум қилиб, унинг тарафдорларига нисбатан чора кўриш учун АҚШ ва Қирғизистон ТИВга расмий мурожаатнома юборди. Шунингдек, Туркия хат алмашинувларида Қирғизистонга молиявий кўмак бериб келаётганига ишора қилиб, ўз талабини йўллаган.
«Биздан ақлли экан, лекин, нега давлат тўнтариши юз беришини сезмай қолишди? Албатта, ёрдам бергани учун раҳмат айтамиз, аммо шарт ва талабларни бунинг эвазига бажармаймиз», деб фикр билдирган Алмазбек Атамбоев. Туркия маҳаллий нашрларида бу нутқ кўп муҳокамаларга сабаб бўлганди.
Мавзуга оид
17:21 / 06.11.2024
Туркий давлатлар ташкилоти саммитида 8 та ҳужжат имзоланди
21:34 / 05.11.2024
Қирғизистонлик аёллар 10 нафаргача фарзанд кўришга чақирилди
19:40 / 05.11.2024
Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги 3 та чегара божхона постларида транспорт ҳаракати вақтинча тўхтатилади
18:09 / 05.11.2024