Жаҳон | 08:12 / 24.10.2017
31024
3 дақиқада ўқилади

Қирғизистон МСК мамлакат тарихида ҳеч қачон кузатилмаган ишни қилди

Фото: Sputnik / Табылды Кадырбеков

Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси мамлакат тарихида биринчи марта президентлик сайловларида овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг тўлиқ рўйхатини эълон қилди. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссиясининг матбуот хизмат вакили РИА Новости’га маълум қилган.

Қирғизистоннинг янги президенти сайлови 15 октябрь, якшанба куни бўлиб ўтди. Мамлакатдаги энг юқори лавозимга 11 нафар номзод даъвогарлик қилди. Марказий сайлов комиссиясининг дастлабки маълумотларига кўра, республика Социал-демократик партияси (СДПК) томонидан номзоди илгари сурилган собиқ бош вазир Сооронбай Жээнбеков асосий рақиби, мухолифат вакили Омурбек Бабанов устидан биринчи турда ғалаба қозониб, 54,7 фоиз овоз тўплади. Овоз беришда сайловчиларнинг қарийб 55 фоизи иштирок этган.

«Қирғизистон Республикаси президенти сайлови тўғрисидаги янги конституциявий қонунга мувофиқ, МСК ўз сайтида овоз бериш жараёнида иштирок этган сайловчилар рўйхатини эълон қилди», - дея хабар берди матбуот хизмати вакили. Унинг таъкидлашича, бу мамлакат тарихида биринчи марта амалга оширилди.

Шу билан бирга, жараёнда иштирок этган сайловчилар рўйхати республикадаги барча участка сайлов комиссияларининг махсус стендларида танишиш учун жойлаштирилди, деб хабар беришган матбуот хизматидан.

Агентлик суҳбатдошининг сўзларига кўра, ҳозирги вақтда МСК Қирғизистонда сайловларни ўтказиш учун очилган 54 та ҳудудий сайлов комиссиясининг 46 та баённомасини қабул қилиб олди.

«Ҳозирда Бишкек шаҳри, Ўш шаҳри, Туп, Қадамжой, Қорасув, Нўкот, Сокулук ва Ноокен ҳудудий сайлов комиссияларининг баённомалари қабул қилинмоқда. Тақвимий режага мувофиқ, бу 18 октябрдан 3 ноябрга қадар рўй беради», - дея таъкидлаб ўтди у.

Қирғизистонда президентлик сайлови электрон ахборот-сайлов тизими (АСТ) ёрдамида ўтказилди. У ўз ичига автоматлаштирилган ўқиш қутилари, маълумотларни узатиш учун махсус ҳимояланган каналлар, дастурий таъминот, марказий сервер ва сайтни олади. Сайловчилар рўйхати аҳолининг биометрик маълумотлари асосида тузилган.

Овоз бериш тугаганидан сўнг мамлакатнинг барча сайлов участкаларида жойлашган сайлов қутилари дастлабки натижаларни МСК серверига ўтказиб берди. Якунда дастлабки натижалар овоз бериш тугаганидан кейин ярим соат ичида маълум бўлди, аммо участка сайлов комиссияси томонидан овозларни қўлда қайта ҳисоблаш натижалари якуний, деб топилади.

Мавзуга оид