Путин Ирина Яроваяни коррупция билан кураш кенгаши таркибидан чиқариб юборди
Россия президенти ҳузуридаги коррупцияга қарши кураш бўйича Кенгаш таркибида ўзгаришлар юз берди. Путин ундан Давлат думаси депутати Ирина Яровая ва бошқа аъзоларни чиқарди ҳамда янги маслаҳатчиларни тайинлади. Бу ҳақда РБК хабар бермоқда.
Кенгаш таркибидан Давлат думаси депутати Ирина Яровая, майда Удмуртия раҳбари лавозимини вақтинчалик бажарувчи этиб тайинланган Александр Бречалов, адвокат Анатолий Кучерена, шунингдек, Россия адлия вазирининг биринчи ўринбосари Олег Плохой чиқарилган.
Уларнинг ўрнига эса президентлик кенгаши таркибидан Савдо-саноат палатаси президенти Сергей Катирин, Давлат думасининг хавфсизлик ва коррупцияга қарши кураш бўйича қўмита раиси Василий Пискарев, Жамоатчилик палатаси котиби Валерий Фадеев ва Россия президентининг коррупцияга қарши кураш масалалари ишлар бошқармаси бошлиғи Андрей Чоботов жой олди.
Давлат думаси депутати Ирина Яровая ёрдамчиси Мария Чекалдинанинг сўзларига кўра, Яроваянинг Кенгаш таркибидан чиқарилиши «оддий ротациядир». «[Кенгаш таркибига] Давлат думасининг хавфсизлик ва коррупцияга қарши кураш қўмитаси раиси киради. Ирина Анатольевна қўмита раиси бўлганида, у, албатта, бу Кенгаш таркибидан жой олган. Ҳозир эса Кенгашга қўмитанинг амалдаги раиси Василий Пискарев киритилди», - дея қўшимча қилиб ўтди Чекалдина.
Адвокат Анатолий Кучеренанинг РБК’га аниқлик киритишича, коррупцияга қарши кураш бўйича президентлик Кенгашидан «расмий, техник сабаб» туфайли чиқарилган. «Ҳа, ҳақиқатдан ҳам мен чиқарилдим, бироқ унга Жамоатчилик палатаси аъзоси сифатида кирганман, ҳозир эса палатага ҳам аъзо эмасман», - деган Кучерена.
Ирина Яровая «Яровая қонуни» номини олган террорчиликка қарши бир қатор шов-шувли тузатишлар муаллифларидан бири сифатида машҳур. Бу ҳужжатнинг ҳаммуаллифи сенатор Виктор Озеров саналади.
Қонун алоқа операторларини абонентлар фаоллиги – СМС ҳамда ММС хабарлари, қўнғироқлари ҳақида маълумотлар ва ҳоказоларни уч йил давомида ўз серверларида сақлаш мажбуриятини юклайди. Бундан ташқари, тузатишлар интернетда маълумот тарқатувчи ташкилотларга ҳам алоқадор, яъни электрон почта, форумлар, ижтимоий тармоқлар, мессенжерлар ҳамда интернет орқали хабар алмашиш имконини берувчи бошқа сервислар. Улар фойдаланувчилар коммуникациялари фактлари ҳақидаги маълумотни бир йил давомида сақлашга мажбурлар.
«Яровая қонуни» 2018 йилнинг 1 июлидан бошлаб кучга кириши керак, бироқ «Ведомости» газетасининг июль ойи бошида манбаларга асосан хабар берганидек, ҳукумат қонунни кучга киришини беш йилга кечиктириши мумкин. Бунга Федерал хавфсизлик хизмати вакилининг бу борадаги тушунтиришлари сабаб бўлиши мумкин.
Мавзуга оид
22:22 / 23.12.2024
Россиянинг Суриядаги базалари: улар ёпилса, нима бўлади?
21:42 / 23.12.2024
WP: Украина ҳукумати уруш 2025 йилда тугашига ишонмоқда
20:41 / 23.12.2024
Россияда YouTube трафиги кескин камайди
19:55 / 23.12.2024