Ўзбекистон | 15:20 / 25.10.2017
6623
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ЕТТБнинг 51,18 млн. долларини уч лойиҳа доирасида жалб этмоқчи 

Фото: Getty Images

Ўзбекистон Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг (ЕТТБ) 51,18 млн. АҚШ доллари миқдоридаги маблағларини учта лойиҳа доирасида жалб қилишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Uzdaily.uz хабар бермоқда.

ЕТТБ веб-сайтидаги маълумотларга кўра, Ўзбекистон ўрта ва кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш ҳамда савдони ривожлантириш учун 30 млн. долларлик маблағларни жалб этиш ниятида. Улар «Ипотека-банк» АТИБга тақдим этилади.

Лойиҳа доирасида ўрта ва кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш учун 25 миллион доллар, савдо-сотиқни ривожлантиришга 5 миллион доллар йўналтирилади.

Uzbek Leasing International A.O. компанияси банкдан 10 млн. АҚШ доллари миқдоридаги маблағларни жалб этади. Улар уч траншда тақдим этилади ҳамда ўрта ва кичик бизнес эҳтиёжлари учун автоуловлар, юк машиналари, трейлерлар ва ускуналар харид қилиш учун ишлатилади.

Учинчи лойиҳа доирасида Mutabar Medical Standart компанияси фармацевтика маҳсулоти ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш учун 11,18 млн. АҚШ доллари миқдоридаги маблағларни жалб этиш ниятида. Завод қуввати 280 млн. инъекцион эритма ампулани ташкил этади.

Мавзуга оид