Атамбоев: «Қирғизистон транзит мамлакатга айланиб бормоқда»
Қирғизистон президент аппарати раҳбари Алмазбек Усенов Автомобиль транспорти ва йўл хўжалиги ходимлари кунига бағишланган тантанали маросимда Алмазбек Атамбоевнинг табрикномасини ўқиб эшиттирди. 24kg шу ҳақида хабар берди.
"Давлатнинг бутун бир транспорт тизимининг самарали фаолияти тўғридан-тўғри автомобил йўллари ҳолатига боғлиқ. Шу боис сўнгги йилларда йўлларни қайта таъмирлаш ва қуриш стратегик муҳим вазифага, шунингдек республика иқтисодий тикланишининг таркибий қисмларидан бирига айланди", - дея таъкидлайди президент ўз номасида.
"Биз секин-асталик билан транзит мамлакатга айланиб бормоқдамиз. Экспертларнинг баҳоларига кўра, Марказий Осиё минтақасининг юрагида жойлашган Қирғизистон келгусида халқаро транзит муносабатларнинг фаол иштирокчиларидан бири бўлиши мумкин".
Алмазбек Атамбоевнинг табрикномасидан
"Шимол-Жануб муқобил автойўлининг қурилиши Россия-Қозоғистон-Қирғизистон-Тожикистон йўналиши бўйлаб тўғридан-тўғри транзитни таъминлайди. Иссиқкўл транспорт халқаси қурилишининг тугалланиши охир-оқибат Ғарбий Хитой-Ғарбий Европа магистралига чиқиш имконини беради. Бишкек-Ўш, Ўш-Баткен-Исфана-Қайрағоч транспорт коридорларини яхшилаш ишлари давом этмоқда", - дейилади хатда.
"Йўл қурилиши янада ёруғ келажак сари бошлайди. Ривожланган йўл-транспорт тизимига эга бўлмай, Қирғизистоннинг ривожланишини тасаввур қилиш қийин".
Алмазбек Атамбоев
Табрик сўнггида Алмазбек Атамбоев барча ишчиларга мустаҳкам соғлиқ ва бахт-саодат, Қирғизистонга эса - тинчлик ва фаровонлик тилаб қолди.