Жаҳон | 08:49 / 28.10.2017
21070
2 дақиқада ўқилади

Туркия Каталония мустақиллигига муносабатини билдирди

Фото: Yves Herman/Reuters

Расмий Анқара Каталония парламенти томонидан мустақиллик эълон қилинганини қоралайди ҳамда Испания ҳудуди яхлитлигини ҳурмат қилишини билдиради. Бу ҳақда Туркия ташқи ишлар вазирлиги баёнотида маълум қилинган

Маълумки, Каталония парламенти Испаниядан мустақил бўлиш резолюциясини маъқуллаб овоз берган эди. Шундан сўнг, Испания сенати конституциянинг 155-моддасини қўллашга қарор қилди. Унга кўра, мухториятда Мадриднинг бевосита бошқаруви киритилди. 

"Биз Испаниянинг Каталониясидаги вазиятни диққат билан ўрганаяпмиз. Каталония парламенти томонидан ташланган қадам тўғри қарор эмас. Испания ҳудуди яхлитлиги, мамлакат конституцияси ва испан халқи иродасини ҳурмат қиламиз. Маҳаллий парламент томонидан бир томонлама қабул қилинган қарор Испания конституцияси, унинг қонунларига зиддир ва минтақа аҳолисининг иродасини акс эттирмайди", — дейилади баёнотда. 

Туркия ҳукумати мазкур муаммо минтақада кескинликни оширмаслигига ҳамда демократия ва қонун устуворлиги тамойили асосида ҳал этилишига ишонч билдирган. 

"Биз иттифоқчимиз ва дўстимиз бўлган Испания ушбу синовга дош беришига ишонамиз. Туркия Испания ҳукуматининг бу йўналишдаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди", — деб қўшича қилинган Туркия ТИВ баёнотида.

Мавзуга оид