Фан-техника | 21:08 / 30.10.2017
6056
2 дақиқада ўқилади

Amazon фармацевтика бозорини эгаллашга киришмоқда

Фото: EAST NEWS

Amazon 12 штат ҳукуматига улгуржи дори-дармон савдоси учун буюртма берди. St. Louis Post-Dispatch шу ҳақида хабар берди. Унга кўра, биттасидан ташқари ҳаммаси тасдиқдан ўтган. Америка нашрларида таъкидланишича, бу Жефф Безоснинг компанияси жорий йилдаёқ фармацевтика бозорига чиқиши, йирик дорихона тармоқларини эса инқироз кутаётганини билдиради. 

Amazon у ёки бу маънода товарларни етказиш билан боғлиқ бозор қаторларини тобора эгаллаб бормоқда. Компаниянинг энг сўнгги харидларидан бири Whole Foods маҳсулотлар тармоғи бўлди, бу Amazon'нинг ўз мижозларига тез бузилувчи товарлар, хусусан озиқ-овқат маҳсулотларини ҳам етказиш режаларидан далолат беради.  Шундай экан, Amazon'нинг кўп миллионли дорилар бозорига кириш истаги мутлақо табиийдир. 

Бунга доир гап-сўзлар тарқалганига бир неча йил бўлди, бироқ яқинда Amazon 12 штат ҳукуматига тиббий товарларнинг улгуржи савдоси учун лицензия олишга буюртма берди. 

Гап Мэн, Невада, Аризона, Северная Дакота, Луизиана, Алабама, Нью-Джерси, Мичиган, Коннектикут, Айдахо, Нью-Хэмпшир, Орегон ва Теннесси штатлари ҳақида бормоқда. Мэн штатидан ташқари, барча штатларда буюртмалар тасдиқланган.

Amazon'га берилган лицензия тури компанияга шифокор рецепти керак бўлмаган тиббий препаратлар ва дориларни сотиш имконини беради. Ҳозирча Amazon фақат улгуржи савдо ҳуқуқига эга, чакана савдога чиқиш учун эса алоҳида лицензия олиши керак бўлади. 

Экспертларнинг фикрича, Безос компаниясининг фармацевтика бозорига киришга доир қарори Amazon акциядорларининг ноябрь охирига қадар бўлиб ўтадиган йиғилишида қабул қилиниши мумкин. 

Бозорнинг бошқа иштирокчилари Amazon'нинг фармацевтика бозоридаги фаоллигидан хавотирда. 

Мавзуга оид