Спорт | 19:15 / 30.10.2017
16407
4 дақиқада ўқилади

ФИФА ўртоқлик ўйинларидан воз кечиб, янги лигани ташкил қилмоқда. Ғоянинг маъноси қандай?

Фото: Getty Images

ФИФА ташкилоти мухлисларнинг терма жамоа ўртоқлик ўйинларига бўлган эътиборини тиклашни режалаштирмоқда. Маълумки, сўнгги пайтларда уларга бўлган қизиқиш жуда пасайиб кетган эди.

Терма жамоа ўртоқлик ўйинларидаги ярим бўш стадионлар фақат бизнинг футболга хос эмас. Бундай ўйинларга дунё бўйича қизиқиш катта эмас, мухлисларни фақат ҳақиқий кураш кетадиган расмий ўйинлар кўпроқ ўзига жалб қиляпти. Халқаро футбол аста-секинлик билан ўлиб бормоқда.

ФИФА бу борада ўтказган тадқиқотлар натижасида салбий хулосага келган: терма жамоа ўйинларига бўлган қизиқиш кескин пасайган. Президент Жанни Инфантино эса вазиятни ўзгартирмоқчи.

Энди Халқаро футбол федерацияси ўртоқлик ўйинлари ўрнига Жаҳон Лигасини ташкил қилишни режалаштиряпти.

Ғоя оддий - Жаҳон лигаси ўз ичига барча қитъа терма жамоаларини бирлаштирадиган мусобақа бўлади. У учта дивизионга ажратилади. Жамоалар ФИФА рейтингидан келиб чиққан ҳолда, лигаларга тақсимланади. Мусобақа йил давомида ўтказилади ва 2019 йилда старт олади.  Ҳозирча булар фақат лойиҳа. Ўйинларнинг ташкил қилиниши ва дунёнинг барча нуқталари терма жамоаларининг узоқ йўл харажатларини ким қоплаши ҳаида ҳозирча ҳеч қандай маълумот йўқ.

ФИФА бу борада УЕФА изидан боришни кўзламоқда. Маълумки, сентябрь ойида УЕФА Миллатлар Лигаси мусобақаси регламентини расман тасдиқлади. Бу турнир терма жамоа ўртоқлик ўйинларини расмий ўйинлар билан алмаштиради ва савия жиҳатидан тенг рақибларга қарши курашиш имкониятини беради. Мусобақада ташкилотнинг барча 55 аъзоси иштирок этади. Жамоалар ФИФА рейтинги асосида 4та лигага ажратилади.

УЕФА матбуот хизмати хабарига кўра, А ва В Лигада 12та терма жамоа, С Лигада 15 терма жамоа ва D Лигада 16 терма жамоа иштирок этади.

A ва B Лигалари 3та жамоадан иборат 4 гуруҳга ажратилади. А Лигаси гуруҳ ғолиблари 2019 йил июнида финал босқичида иштирок этади. У яримфиналлар, учинчи ўрин учун баҳс  ва финал ўйинидан иборат бўлади.

В, С ва D гуруҳлари ғолиблари юқори Лигага йўлланма олади. А, В ва С Лигаларининг энг ёмон жамоалари қуйи лигага равона бўлади.

Европа терма жамоалари Миллатлар Лигасида ғалаба қозониш ёки юқори дивизионга йўл олиш ёки ўз дивизионидаги ўрнини сақлаб қолиш учун курашади. Мусобақага қуръа ташлаш маросими 2018 йил 24 январ куни ўтказилади.

Бу жаҳон чемпионати ва Евро саралашига таъсир кўрсатадими? Тизим нуқтаи назаридан олиб қаралса - йўқ. Фақат ўйинларнинг ўтказилиш санаси ўзгаради холос: мусобақа сентябрда эмас, март ойида бошланади.

Бундан ташқари, Миллатлар Лигасида иштирок этган жамоалар Евро-2020 йўлланмасини қўлга киритиш имокниятига эга бўлади. 10та гуруҳда биринчи ва иккинчи ўринни эгаллаган ҳар бир терма жамоа Евро-2020 финал босқичига йўл олади. Қолган 4та йўлланма 16 терма жамоа ўртасидаги плей-офф баҳсларида ўйналади.

ФИФА томонидан ташкил қилиниши режалаштирилаётган Жаҳон Лигаси жаҳон чемпионати саралашига таъсир қиладими ёки йўқми, бу ҳақда хабар берилмади. Миллатлар Лигасидан келиб чиққан ҳолда, дунё терма жамоаларига қандайдир  янги имкониятлар берилиши мумкин.

Мавзуга оид