Ўзбекистон | 20:40 / 30.10.2017
26194
5 дақиқада ўқилади

Фото: Самарқанддан Истанбулга тўғридан-тўғри авиақатнов очилди

Бугун, 30 октябрь куни Самарқанд халқаро аэропорти байрамона тус олди. Туркия Республикасининг энг йирик ва қадимий шаҳри Истанбулга кўҳна Самарқанддан тўғридан-тўғри авиақатнов очилди.

Шаҳар жамоатчилиги, журналистлар, илк авиарейс йўловчилари карнай-сурнай садолари билан кутиб олинди. Улар учун ўзбекча ва туркча миллий шўх рақслар ва қўшиқлар ижро этилди.

Авиақатновнинг очилиш маросида сўзга чиққан Самарқанд шаҳри ҳокими Фурқат Раҳимов Президентнинг яқиндагина Туркия Республикасига қилган расмий ташрифига урғу бериб, ўша ташриф натижаси ўлароқ авиақатнов йўлга қўйилгани, ушбу авиарейс Самарқанд шаҳрида туризм ва ишбилармонликнинг ривожланишига катта туртки беришини таъкидлаб ўтди.

Сўзга чиққан «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси ташқи алоқалар бошқармаси бошлиғи Нодиржон Аюбов, «Нуроний» жамғармаси вилоят бўлими раиси Ҳасан Нормуродов йиғилганларни табриклаб, ўз дил изҳорларини билдиришди.

Шундан сўнг мартабали меҳмонлар лентани қирқиб, авиақатновни очиб беришди. Йўловчилар аэровокзал ҳудудига киритилди.

Байрамона безатилган Самарқанд халқаро аэропорти ходимлари Истанбулга илк рейсда йўл олган йўловчиларни эсдалик совғалари билан қарши олишди. Йўловчилардан сўраганимизда янги йўналишда авиачипталар ҳар икки тарафга тахминан 4 млн. сўмга харид қилинганини билдириб ўтишди.

Қайд этиш жоизки, йўловчилар Истанбулга замонавий Боинг-757 авиалайнерида йўл олишади. 180дан зиёд йўловчини ўз бағрига сиғдира оладиган ушбу самолётга 177та чипта сотилган. Яъни, бу ҳол авиақатновга шаҳарликларнинг талаби юқори эканлигини намоён этиб турибди. Йўловчилардан бирини суҳбатга тортдик:

— Мен Худойқулова Нафиса, самарқандликман, Туркияга турмушга чиққанман. 14 йилдан бери Туркиянинг Истанбул шаҳрида яшайман. Фарзандларимни Самарқанддаги мактабга ўқишга берганман. Илгари Тошкент орқали йилига 2-3 марта уйга келиб кетар эдим. Энди тўғридан-тўғри келиб туриш учун шароит яратилди.

Туркиялик тадбиркор, Меҳмет Атеш Якар ҳам ўз фикрларини билдириб ўтди:

— Мен Самарқандда бизнес билан шуғулланаман. Президент Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга сафари, у ерда имзоланган битимларни катта қизиқиш билан кузатдим ва хурсандчилик билан қарши олдим. Ушбу рейсни йўлга қўйган «Ўзбекистон ҳаво йўллари» авиаширкатига катта миннатдорчилик билдирмоқчиман. Бундай қадамларни «Турк ҳаво йўллари» ширкатидан ҳам кутиб қоламиз. Наинки Самарқанд, балки, Бухоро, Урганч каби шаҳарларга ҳам Туркиянинг шаҳарларидан тезроқ тўғридан-тўғри рейслар очилишини истар эдим. Чунки, Ўзбекистоннинг буюк тарихини ўз кўзим билан кўраман, маданият ва илму-урфон бешиги бўлган кўҳна шаҳарларини зиёрат қиламан деган ватандошларим кўп. Чунки муҳтарам президентимиз телевизор экранларида Ражаб Тоййиб Эрдўған «Маданият, маърифат истагида бўлганлар Самарқандга, Бухорога кетиб кўрсин», деб бир неча бор такрорлаган.

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси ташқи алоқалар бошқармаси бошлиғи Нодиржон Аюбов KUN.UZ мухбирининг саволларига жавоб қайтарди.

— Самарқанддан Истанбулга учиш вақти Тошкент – Истанбул йўналишига нисбатан 30–40 дақиқага тезроқ амалга оширилади.

— Бевосита фаолиятингиздан келиб чиқиб савол: Бухорога ҳам шундай халқаро рейслар очиш мўлжалланаяптими?

— Нафақат Самарқанд ва Бухоро, шунингдек, Урганч шаҳрига ҳам туризмни ривожлантириш учун халқаро рейсларни очиш ва уларнинг даврийлигини кўпайтириш устида иш олиб борилмоқда.

— «Турк ҳаво йўллари» авиакомпанияси ҳам Самарқандга ўзининг тўғридан-тўғри авиақатновини келгуси йилнинг 16 мартидан эътиборан йўлга қўйиши ҳақида маълумотлар пайдо бўлмоқда...

— Энди у авиакомпаниянинг режалари нимадан иборат эканлигига биз жавоб бера олмаймиз. Дарҳақиқат, уларда баҳорнинг март ойларида рейс очиш режаси бор эди. Лекин Президентимизнинг Туркияга қилган ташрифи чоғида «март ойини кутиб нима қиласизлар, октябрь-ноябрь ойларида тезлаштириб, очиб юбориш керак», деганини барчамиз эшитдик. Балким «Турк ҳаво йўллари» ҳам ушбу чорловга жавоб сифатида ўз рейсини тезлаштириб очиб юборар.

Энди ҳар душанба куни Самарқанддан Истанбулга тўғридан-тўғри учиш мумкин бўлади. 16 ноябрдан бошлаб эса пайшанба кунлари ҳам доимий рейс очилиши кутилмоқда. Илгари Истанбулга учиш учун Тошкентга етиб бориш учун сарфланадиган вақтда Истанбулнинг ўзига етиб бориш мумкин. Самарқанддан душанба кунги рейсларда соат 20:00да, пайшанба кунлари эса соат 18:55да парвоз амалга оширилади. Миллий авиакомпаниянинг пресс-релизида маълум қилинишича, Тошкент ва Истанбул ўртасида амалга оширилаётган рейслар сонида ўзгаришлар бўлмайди.

 

Шуҳрат Шокиржонов,

KUN.UZ мухбири.

Суратлар муаллифники.

Мавзуга оид