Ўзбекистон судьялари ассоциацияси раиси ўзгарди
“Туркистон” саройида Ўзбекистон cудьялари ассоциациясининг навбатдаги V съезди бўлиб ўтди. Унда ассоциациянинг 2012-2017 йиллардаги иш фаолияти ҳамда истиқболдаги вазифалар муҳокама этилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши раиси М.Усмонов, Олий суд раиси К.Комилов, Судьялар ассоциацияси раиси вазифасини бажарувчи У.Мингбоев ва бошқалар ҳуқуқий демократик давлат барпо этишда қонун ва адолат устуворлигини таъминлаш алоҳида эътиборда эканини таъкидлади. Бу борада суд тизими муҳим ўрин тутади.
Съезд иштирокчилари ўтган даврда судьяларнинг мустақил фаолият юритишини таъминлашга қаратилган муҳим чора-тадбирлар амалга оширилганига эътибор қаратди. Хусусан, судьяларнинг ижтимоий муҳофазасини кучайтириш мақсадида уларнинг иш ҳақи оширилди. Соҳа вакиллари жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод қилинди.
1997 йилда ташкил этилган Ўзбекистон судьялари ассоциацияси судьяларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг малакасини ошириш, суд ҳокимиятининг нуфузини оширишда муҳим ўринга эга бўлиши лозим. Ўтган давр давомида ассоциация суд ҳокимиятини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўша оладиган мустақил жамоат ташкилоти сифатида шаклланган.
Шу нуқтаи назардан, унинг ролини янада ошириш, фаолиятини такомиллаштириш лозимлигига эътибор қаратилиб, қатор таклиф ва тавсиялар билдирилди. Иштирокчилар ассоциация судьяларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш билан бирга етук кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш йўналишидаги фаолиятини янада кучайтириши зарурлиги қайд этилди.
Суд тизимида фаолият кўрсатаётган судьялар орасидан сайланган делегатлар, суд фахрийлари, Олий Мажлис, Бош прокуратура, Адлия ва Ички ишлар вазирликлари, нодавлат-нотижорат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган тадбирда ташкилий масала кўриб чиқилди.
Ўзбекистон судьялари ассоциацияси раиси лавозимига Убайдулла Мингбоев сайланди. Марказий кенгаш аъзолари ва тафтиш комиссиясининг янги таркиби сайланди.
Мавзуга оид
11:05 / 10.11.2024
«Изоляторлар тўлиб кетган» – Олий суд раиси судьялар қатъиятсизлигининг оқибатлари ҳақида
13:21 / 04.11.2023
Ўзбекистон каратэ ассоциацияси ташкил қилинади
12:02 / 21.10.2023
Каратэ миллий федерацияси негизида Ўзбекистон каратэ ассоциацияси ташкил этилади
15:50 / 09.09.2023