Apple таназзулга учраши тахмин қилинмоқда
Apple компаниясининг янги iPhone X қурилмаси корпорация учун оғир дамларни бошлаб бериши мумкин. Business Insider шу ҳақида хабар берди.
Сўнгги ўн йилликда компаниянинг молиявий фаолияти асосан бир маҳсулотга боғлиқ бўлиб келган — iPhone. Бугунга келиб, смартфонлар сотуви тушуми корпорация даромадининг 60-70 фоизини ташкил қилади.
iPhone тарихининг аксарият қисмида Apple сондан сифатни афзал билиб, йилига биттадан янги модель ишлаб чиқарган. 2013 йилда корпорация икки модель ишлаб чиқарди, 2017 йилда эса биринчи марта уч моделини намойиш этди. Ассортимент хилма-хиллиги турли хавф-хатарларни қисқартиради, бироқ iPhone'га номутаносиб эътибор қаратиш яқин-яқиндан буён инвесторлар кузатаётган хавф омилини юзага келтирди: Кутилмаганла бу маҳсулот муваффақиятсизликка учраса-чи?
Нашрга кўра, яқин кунларгача iPhone таназзули имкони долзарб эмас эди, ҳаттоки Siri дастури ёки 3D Touch функцияси фаолиятидаги носозликка доир хабарлар тарқалганда ҳам. Бундай ҳолатларда Apple муаммони бартараф этишга ва истеъмолчиларни уларга айнан шу смартфон кераклигига ишонтиришга муваффақ бўлди.
Портал iPhone таназзулининг икки вариантига ишора қилмоқда: ё маҳсулотнинг ўзи харидорларда катта таассурот қолдирмайди, ёки Apple маҳсулотга бўлган талабни қондира олмайди.
Охирги вариант ҳақиқатга яқинроқ, дейилади манбада: янги флагманнинг таназзулга юз тутиш имкони ошиб бормоқда, смартфоннинг кўриниши ажойиб, бироқ Apple унга бўлган талабни қондиришга қодир эмас. Бошқача қилиб айтганда, iPhone'нинг кутилган натижаларга эриша олмаётгани инвесторлар учун "ёмон туш"га айланмоқда, у корпорация учун энг муҳим бўлган чоракда унинг молиявий кўрсаткичларига жиддий зиён етказади.