Технология | 13:08 / 31.10.2017
12092
2 дақиқада ўқилади

Йил охирига бориб дунёда 20 млрд дона IoT-қурилма бўлади

Фото: Future Home

2017 йил охирига бориб интернетга улана оладиган қурилмалар сони кескин равишда ўсишда давом этади ва 20 млрд донага етади. Бу ҳақда Strategy Analytics ўтказган таҳлилга асосланиб, PR Newswire ёзмоқда. Ақлли уй технологиялари, ўз навбатида, 2020 йилгача тараққиётнинг асосини ташкил этади. 

 «Connected World: Smart Home Is Key To Tomorrow’s Internet Of Things» («Уланган дунё: ақлли уй буюмлар интернетининг эртанги кунига йўл») ҳисоботида қайд этилишича, 2017 йил охирига келиб, дунёда 20 млрдга яқин  IoT- ва уланган қурилмалар ишлайди. Яна 10 млрд дона қурилма яқин 4 йилда уларнинг сафини тўлдиради. 

IoT сўнгги йилларда шу соҳадаги бозорни ривожлантиришнинг асоси бўлди. Аммо узоқ истиқболга доир тахминларга кўра, келгусида бу вазифа ақлли уйларга ўтади. 2020 йиллар мобайнида уланган қурилмалар сони 50 млрд донага етади. 

Бошқа бир тадқиқот натижасига биноан, жорий йилда IoT ўсиши 17 фоизни ташкил этади, аммо 2021 йилга бориб йиллик миқдорда 9 фоизгача пасаяди. Ўша йили ақлли уй қурилмалари интернетга уланган смартфонларни бозорда ортда қолдиради. Шунингдек, корпоратив IoT айни вақтда жами уланган қурилмаларнинг 52 фоизини ташкил этиши қайд этилган. 

Қатор таҳлилчиларнинг фикрича, IoT қурилмалари ва ақлли уй технологияларининг кенг тарқалишининг ўзига яраша таҳдидли томонлари бор. Хусусан, киберхуружлар амалга оширилса, улар кенг қамровли ҳалокатга сабаб бўлиши мумкин. Шу боисдан уларнинг хавфсизлиги хусусида бугуноқ бош қотириш керак бўлади.

Толиб Раҳматов
Тайёрлаган Толиб Раҳматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид