Ўзбекистон | 11:15 / 08.11.2017
24069
3 дақиқада ўқилади

Фуқаролар йиғини масъул котиби лавозимига кимлар тайинланмайди?

Фото: ЎзА

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Фуқаролар йиғинининг масъул котиби фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори эълон қилинди.

Ҳужжат фуқаролар йиғини масъул котиби фаолиятининг самарадорлигини ошириш, маҳалла тизимида иш юритишни ташкил этиш ва олиб боришни янада такомиллаштириш мақсадида қабул қилинди.

Қарор билан фуқаролар йиғинининг масъул котиби фаолиятини ташкил этиш тўғрисида низом иловага мувофиқ тасдиқланди.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари, манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда:

бир ой муддатда фуқаролар йиғинининг масъул котиблари ўз фаолиятини тасдиқланган ушбу Низом асосида ташкил этишига кўмаклашади;

икки ой муддатда фуқаролар йиғинининг масъул котиблари малакасини оширишга доир ўқув семинарларини ташкил этади.

Низомга кўра, қуйидагилар масъул котиб лавозимига тайинланмайди:

Ўзбекистон Республикасининг фуқароси бўлмаган шахслар;
ўз турмуш тарзи билан фуқаролар йиғини аъзолари ўртасида салбий тавсифланган шахслар;
ички ишлар органлари профилактик ҳисобида турувчи шахслар;
руҳий касаллиги, гиёҳвандликка, сурункали ичкиликбозликка ружу қўйганлиги учун тегишли тиббиёт муассасалари ҳисобида турувчи шахслар;
оғир ёки ўта оғир жиноятларни содир этганлик учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёхуд судланганлиги олиб ташланмаган шахслар;
суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган шахслар;
ҳақиқий ҳарбий хизматдаги шахслар;
диний ташкилотларнинг профессионал хизматчилари.

Масъул котибнинг ваколатлари қуйидаги ҳолатларда муддатдан илгари тугатилади:

ўз ваколатларини зиммасидан соқит қилганда;
белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз деб топилганда;
унга нисбатан суднинг айблов ҳукми қонуний кучга кирганда;
суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори асосида бедарак йўқолган деб топилган ёхуд вафот этган деб эълон қилинганда;
Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотганда;
соғлиғи ҳолати ёки бошқа узрли сабабларга кўра уч ой давомида ўз вазифаларини бажара олмай қолганда;
вафот этганда;
қонун ҳужжатларда назарда тутилган бошқа ҳолатларда.

Масъул котиб фуқаролар йиғинининг ўз маблағлари ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан таъминланади.

Мавзуга оид