Жаҳон | 07:00 / 15.11.2017
11770
2 дақиқада ўқилади

Пентагон ИШИД етакчиси ал-Бағдодий қаердалигини билмаcлигини маълум қилди

Фото: Reuters

Пентагон ИШИД етакчиси Абу Бакр ал-Бағдодий қаерда яширинаётгани ҳақидаги маълумотга ҳанузгача эга эмас. Бу ҳақда журналистлар учун брифингда АҚШнинг қуруқликдаги қўшинлари полковниги, АҚШ бошчилигидаги коалиция томонидан Ироқ ва Сурияда олиб борилаётган “Тебранмас қатъият” операцияси штаби вакили Райан Диллон маълум қилди. Брифинг Бағдоддан олиб борилган ва Пентагон томонидан трансляция қилинган.

“Биз ал-Бағдодий қаердалигини билмаймиз. Биз уни қидирмоқдамиз”, деб айтган Диллон. Унинг айтишича, америкалик профессионаллар ИШИД етакчиларини, жумладан, ал-Бағдодийни қидириш билан шуғулланмоқда. “Жорий йилда биз ал-Бағдодийнинг ёрдамчилари ва ИШИДнинг дала қўмондонларидан 117 нафарини аниқлаб, йўқ қилдик”, деб айтган Диллон ва куни-кеча бу рўйхат яна 3 кишига кўпайганини қўшимча қилган.

Полковник америкалик ҳарбийлар Ироқ ва Сурияда ИШИДдан кимнидир ушлаб сўроқ қилишгани ҳақидаги саволга рад жавобини берди. “Билишимча, бизда бирорта жангари асирда йўқ”, деб айтган Диллон ва АҚШнинг “Сурия демократик кучлари”дан иттифоқдошлари ва Ироқ ҳукумат қўшинлари қандайдир миқдорда жангариларни асирга олганларини, бироқ уларнинг аниқ сонини айта олмаслигини таъкидлаб ўтган.

Пентагон ўз сайтида кўрсатишича, АҚШ 2014 йил 8 августидан бошланган “Тебранмас қатъият” операциясини амалга ошириш учун жорий июнь охирига қадар 14,3 млрд доллар сарфлаган.

Мавзуга оид