Жаҳон | 17:50 / 15.11.2017
23937
2 дақиқада ўқилади

Петербургда сергак аёл ўзбекистонлик талабани асирликдан қутқаришга ёрдам берди

Петербургда пенсионер аёл ўзининг ҳушёрлиги туфайли иккинчи босқич талабасини қутқариб қолди. Йигитни унинг таниши қарзи туфайли ўғирлаб кетишмоқчи бўлган, деб хабар бермоқда маҳаллий ОАВ.

13 ноябрь куни полицияга Киров туманида истиқомат қилувчи 58 ёшли аёлдан қўнғироқ келиб тушган, у шубҳали шахслар йигитга ҳужум қилиб, уни Chevrolet Lacetti’га итариб киргизишгани ҳақида хабар берган. Жиноят Зина Портнова кўчаси бўйлаб жойлашган 54-уй яқинида содир бўлгани айтилмоқда. Аёл шу даражада сергак бўлганки, ҳатто шубҳали автонинг давлат рақамларини ҳам айтиб берди.

Росгвардия отряди бир соат ичида Chevrolet’ни шу тумандан топди. Машинада тўрт киши ўтирган, таъкидланишича, улардан биронтаси ҳам машина эгаси бўлмаган. Улар орасида Ўзбекистоннинг 25 ёшли фуқароси, Техника университетида таълим олувчи йигит ҳам ўтирган. Машинадаги барча шахсларни полиция бўлинмасига олиб кетишди.

Бўлинмада талаба ариза ёзиб, уни танишининг қарзлари туфайли ўғирлаб кетишганини баён этган. Қиз юқоридаги шахслардан 130 минг рубль қарздор бўлиб қолган. Йигитни эса қарздорнинг манзилини билиб олиш мақсадида ўғирлашгани маълум бўлди.

Ушбу ҳолат бўйича жиноий иш қўзғатилгани айтилмоқда.

Мавзуга оид