Спорт | 14:30 / 15.11.2017
10607
5 дақиқада ўқилади

«TEAM NON GRATA»: Италия байроғидаги швед доғлари ҳақида

Италия терма жамоаси Россияга бориш имкониятини бой бергач, кўпчилик бундай воқеа охирги марта бундан 60 йил олдин содир бўлганига ва қизиғи, ўша мундиал айнан Швецияда ўтганига урғу берди. Аслини олганда, Италия муваффақиятсизлигининг шведлар билан боғлиқлиги янада кўпроқ. Италиялик тажрибали мухлислар плей-оффда Швеция рақиб бўлганини эшитганларида кўнгилда озгина ғашлик пайдо бўлганини ҳам тахмин қилиш мумкин.

Хуллас, бундай буёғига шведлардан имкон қадар узоқроқ юриш тавсия этилади. 

ЖЧ-58

Италия терма жамоасининг илк мундиалда қатнашмасликни ихтиёр этганини назарда тутсак, унинг саралашдаги илк муваффақиятсизлиги айнан ЖЧ-58 га тўғри келади. Ўша давр учун Италия терма жамоаси Уругвай билан биргаликда икки карра жаҳон чемпиони саналарди, демак бу муваффақиятсизлик ҳам дунё миқёсидаги сенсация сифатида баҳолангани табиий.

Италия Португалия ва Шимолий Ирландия билан бир гуруҳда тўп суриб, ҳар икки жамоани ўз майдонида мағлубиятга учратади ва сафарда уларга ютқазади. Натижада, Португалияда дуранг қайд этишга эришган шимолликлар мундиал йўлланмасини қўлга киритади. Италия эса, илк маротаба мундиалдан қуруқ қолади. Айнан Швецияга боришдан. 

ЕВРО – 84

1982 йилги жаҳон чемпионатида ғолиб бўлган Италия терма жамоаси Франция-84 йўлланмасини қўлга кирита олмаган ва ўшанда ҳам Швеция терма жамоаси италияликларга халақит берган экан. Италия шведларга қарши ҳар икки ўйинни бой берган. Айниқса, Италияда бўлиб ўтган учрашувда меҳмонлар 3:0 ҳисобида ғалаба қозониб, ўша ўйиндан кейин жаҳон чемпионларининг Еврога бориш имкониятлари буткул чиппакка чиққан эди. Шу билан бирга, Швеция учун бу ўйин аҳамиятсиз эди, шу натижа билан ҳам шведларнинг ўзи Еврога бора олмаган, худдики, саралашда фақат Италияни тўхтатиб қолиш учун қатнашгандек.

ЕВРО-92

Бу сафар Италия терма жамоаси йўлига Собиқ Иттифоқ тўғаноқ бўлганди. Бу жамоалардан ташқари саралаш гуруҳида Норвегия, Венгрия ва Кипр терма жамоалари жой олишганди. Италия ва СССР ўртасидаги ҳар икки ўйинда ҳисоб очилмаган бўлса-да, бошқа жамоалар билан ўйинда Вичини шогирдлари кўпроқ очко йўқотгандилар. Шу тариқа сўнгги икки йирик турнир ярим финалчиси навбатдаги Европа чемпионатидан қуруқ қолди.

Бу воқеага Швециянинг нима алоқаси бор дерсиз? 1992 йилдаги Европа чемпионати финал босқичи айнан Швецияда бўлиб ўтганди.

ЕВРО – 2004

Португалияда ўтган мусобақада Италия ва Швеция бир гуруҳдан жой олди. Шунингдек, Дания ва Болгария терма жамоалари ҳам уларга рақиб эди. Гуруҳдаги сўнгги турдаги воқеалар ҳалигача кўпчиликнинг ёдида бўлса керак.

Италия Дания билан ҳам (0:0), Швеция билан ҳам (1:1) дуранг натижа қайд этади. Бу жамоалар навбати билан Болгарияни мағлубиятга учратишади. Сўнгги турда Италия Болгария билан, Дания эса қўшни Швеция билан куч синашиши керак эди. Сезиб турганингиздек, Италия Болгарияни ютса, тўплаган очколари сони 5тага етади, агар Дания ва Швеция ўзаро дуранг ўйнашса, уларда ҳам шунча очко бўлади. Хўш, уч жамоадан қайси бири гуруҳда қолиб кетади?

Регламентга кўра, бир неча жамоанинг очколари сони тенг бўлганида ўзаро ўйинларга қаралиши кўзда тутилганди.  Италия асосий рақиблари билан ўйнаб бўлган, тўплар нисбати  - 1:1. Демак агар Дания ва Швеция ўзаро 2:2 ҳисобида дуранг ўйнашса, Италиянинг сўнгги турдаги натижасидан қатъи назар, Скандинавиядан бўлган икки жамоа чорак финалга йўлланма оларди. Қизиғи, кўпчилик кутганидек, ўша ўйин айнан 2:2 ҳисобида тугаган ва Италия аламли тарзда ўша мусобақани тарк этганди.

Дарвоқе, Швеция – Италия ўйини ҳам жуда драматик тугаганди. Катта устунлик билан ҳужум қилган ва 1:0 ҳисобида олдинда борган Италия сўнгги дақиқада Ибраҳимовичнинг айёрона зарбасини ўтказиб юборганди.

ЖЧ-2018

Италия Испания билан, Швеция эса, ўз гуруҳида Франция билан бирга жойлашганди. Яъни ҳар икки жамоа  учун аввалдан ҳам плей-оффга илиниш у қадар омадсизлик саналмасди. Лекин бу ўйинлар учун шведлар кўпроқ тайёр экани сезилди. Ҳар икки ўйинда ҳам Швеция терма жамоаси ўз олдига мақсадни аниқроқ қўйди ва уни бажарди. Натижада ҳамма бўлажак жаҳон чемпионати тайёргарлиги билан банд бўлаётган бир пайтда италияликлар ўз юлдузларини нафақага кузатиш ва мураббий истеъфоси можаролари билан ўралашиб юрибди.

Мавзуга оид