Жаҳон | 07:20 / 19.11.2017
5224
2 дақиқада ўқилади

Пекиндаги ёнғин 19 кишининг ҳаётига зомин бўлди

Фото: AP Photo / Ng Han Guan

Хитой пойтахти Пекин жанубида чиққан ёнғин оқибатида 19 киши ҳалок бўлди, яна 8 киши жароҳат олди. Бу ҳақда Хитой марказий телевидениеси маълум қилди.

Ёнғин 18 ноябрда маҳаллий вақт билан соат 18.00да Дасин туманидаги Синьцзянь қишлоғида содир бўлган. Воқеа жойига чиққан ўт ўчирувчилар алангани 3 соатдан кейингина ўчириша олган.

Жароҳатланганлар шифохоналарга етказилганлар. Ёнғин айнан қаерда юз бергани маълум қилинмаган. Воқеа жойига Пекин партия қўмитаси котиби Цай Ци ва Пекин мэри вазифасини бажарувчи Чжэнь Цзинин етиб келишган.

Маълум қилинишича, мэр қишлоқлар ва посёлкаларда жойлашган саноат объектларини ноқонуний бизнесга барҳам бериш мақсадида ёпишга кўрсатма берган.

Цай Ци фавқулодда вазият оқибатларини бартараф этиш учун барча зарур ишни амалга ошириш, ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганлар оилаларига ёрдам кўрсатиш, воқеа сабабларини тергов қилиш ва айбдорларни жавобгарликка тортиш учун ишчи гуруҳ ташкил этишни буюрган. У шунингдек дарҳол ҳар бир қишлоқ, ҳар бир ҳовлини текшириш ва мумкин бўлган бирорта хавфни кўздан қочирмасликка кўрсатма берган.

Маълумотларга кўра, воқеанинг эҳтимолий айбдорлари қўлга олинганлар. 

Мавзуга оид