Спорт | 10:30 / 20.11.2017
15455
5 дақиқада ўқилади

«Юлдуз». Златан Ибраҳимовичнинг энг тўғри қарори ҳақида

Футболда «юлдуз» калимаси жуда кўп ишлатилади. Яхши футболчиларгами, машҳурроқларгами, танилганларгами, кўп гол урганларгами, севимли футболчиларгами, умуман бу атаманинг аниқ қўлланилиш формуласини билмайман. Баъзиларнинг бу таърифга тушишлари бироз баҳсли, баъзилар учун эса, узукка кўз қўйгандек...

«Футболни оқсоқланиб тарк этишни истамадим»

Ўттиз етти ёшида оғир жароҳат олиб, майдонни тарк этган Златан Ибраҳимовичдан яна футболга қайтмоқчи бўлаётгани сабабини сўрашганда, у шундай жавоб берган эди. Орадан етти ой ўтиб, шанба куни у «Ньюкасл»га қарши ўйинда захирадан майдонга туширилди.

Гол урмади. Жамоасининг бирор голига ҳисса қўшмади. Умуман, у ўйинга тушганида, барчаси ҳал бўлиб улгурганди. Златан ҳеч қандай қаҳрамонлик кўрсатмади.

Аммо мен бу мақолани айнан Златан майдонга қайтган пайтда ёзишни ният қилгандим. Ният қилаётганимда, Златан майдонга тушадиган илк ўйинида қаҳрамон бўла олмаслиги мумкинлигини ҳам билганман. Футбол оламида жароҳатланганлар ҳам, ундан кейин тикланиб, футболга қайтганлар ҳам жуда кўп. Бу ҳам муҳим эмас. Аслида, унинг бутун футболчилик пайтидаги энг муҳим қарори ҳақида ёзмоқчи бўлдим.

Ибраҳимович жароҳатидан тикланаётган бир пайтда, «Манчестер Юнайтед» билан ҳали шартнома имзоламаганди. Унга жуда кўп таклифлар берилди. Америкадан, Хитойдан, Италиядан. Масалан, хитойликлар унга ҳафтасига бир миллион фунт маош таклиф этишди. Тасаввур қиляпсизми? Юқорида айтилган ёшга бориб қолган, футболда деярли ҳамма нарсани ютиб, ўз имзосини ўчмайдиган тарзда қўйиб бўлган ҳужумчи бу таклифга рози бўлиши мумкин эди. У каби футболчи Хитойда ортиқча шуғулланмай туриб ҳам, юлдуз бўлиши, оладиган пулларини оқлаши мумкин. Ҳеч ким айбламасди ҳам уни. Ҳеч кимдан қарзи йўқ. Ундан ёшроқ ва футболда яна узоқроқ қолиши мумкин бўлган Оскар, Тевес каби футболчиларнинг аллақачон ўша ерлардан қўним топганликларини биламиз-ку. 

Аммо у таклифни рад этди ва манчестерликлар билан янги шартнома тузди. Энди у ҳафтасига 125 минг фунт маош олади. Қарийб етти баробар камроқ. Бу мақола Златаннинг «Манчестер»га бўлган садоқати ҳақида ҳам эмас. Ахир Златан жуда кўп жамоаларда ўйнаб чиққан, унинг садоқат ҳақидаги тушунчаси биз билган маъносидан бироз фарқ қилади, буни ҳам биламиз.

У хитойликларга рад жавобини бериб, бутунлай бошқа нарсага - ўз қадриятларига садоқатини намойиш қилди. Бу янада буюкроқ, шундай эмасми?

Қадриятлар нима? Улар ниманинг ҳисобига яшайдилар, биласизми? Айтайлик, яхшилик ва ёмонлик ҳақидаги ўлчовлар, қадриятлар азалдан мавжуд. Ҳамма билади. Кўчада ҳар қандай одамни тўхтатиб, бу ҳақида сўрасангиз, чиройли қилиб жавоб беради. Аммо бу қадриятлар амалда яшаши учун фақат билишнинг ўзи кифоя қилмайди, доимо бу ўлчовлар асосида яшайдиган, буларни ўз амалларида, ҳаётида татбиқ эта оладиган инсонлар борки, ўша қадриятлар тирикдир. Акс ҳолда, одамлар бир кун тўпланишиб, «бунга амал қилиш мумкин эмас» ёки «ҳеч ким бундай яшай олмайди» деган қарорга келишлари, инсоният учун янада осонроқ ҳаёт тарзини балки бизга мерос қилиб қолдиришлари ва балки биз билган яхшиликлар яхшилик сифатида бизгача етиб келмаслиги ҳам мумкин эди. Тасаввур қиляпсизми?

«Ҳақиқий детектив» номли яхши сериал бор. Фильм давомида Марти Ҳарт ва Раст Коул, икки изқувар биргаликда жиноят оламига қарши курашадилар. Ушбу сериалнинг сўнгги саҳнаси эса, шедевр. Марти ва Раст қоронғу кечада ўтириб, ҳаёт фалсафаси ҳақида гаплашиб қоладилар:

«Осмонга бир қарагин, қоп-қора осмон ва улар орасида ёруғ юлдузлар... Дунё азалдан зулмат ва ёруғлик ўртасидаги курашдан иборат», - деб шеригига осмонни ишора қилади Раст.

Марти жавоб беради:

- Ҳа, лекин бу курашда қоронғулик катта фарқ билан олдинда боряпти экан-ку.

Раст:

- Йўқ, сен тушунмапсан. Энг бошида ҳаммаёқ қоронғу бўлган, энди эса... Демак ёруғлик ғалаба қозоняпти...

Агар футбол оламини қоронғу осмонга ўхшатсак, шубҳасиз, Златан юлдузлардан биридир.

 

Қаҳрамон Асланов

Мавзуга оид