Жаҳон | 20:19 / 24.11.2017
5799
2 дақиқада ўқилади

Сингапурда 2022 йилдан ҳайдовчисиз автобуслар ҳаракатлана бошлайди

Фото: EAST NEWS

Ўзиюрар машиналар оддий ҳайдовчилар ўринини боса олмайди, бироқ мавжуд транспорт инфратузилмасини яхшилашга ва тўлдиришга ёрдам беради. Бугунги кунда Сингапурда ушбу технологияни ишлаб чиқиш ва синаш билан 10 га яқин турли компания шуғулланмоқда, деб хабар бермоқда Clean Technica.

Сингапур йўлларида 2022 йилдан ҳайдовчисиз автобуслар пайдо бўлади. Бу ҳақда мамлакат транспорт вазири Кху Бун Ван маълум қилди. Биринчи автобуслар Сингапурнинг учта турли округида, қатнов нисбатан камроқ бўлган йўлларда қатнай бошлайди. 

Илк ўзиюрар машиналар 4 йилдан кейингина қўллана бошлаши сабабли, Сингапур бу борада биринчи бўлмайди. Бироқ у автоном автобуслардан фойда оладиган илк давлат бўлади. 

Ўзиюрар машиналар ҳайдовчилар ўрнини эгаллаши ҳақида гап бўлиши ҳам мумкин эмас. Аксинча, оролда ҳайдовчилар етишмайди ва ўзиюрар автобуслар автотранспорт паркини кенгайтиришга, йўналишларни қулай қилишга ва Сингапур аҳолисини жамоат транспортидан фойдаланишга кўндиришга имкон беради.

Маълум қилинишича, ҳар бир ўзиюрар автобус 36 та ўриндиқ ва 33 та туриб кетиладиган жойга мўлжалланган. Бундай автобуснинг максимал тезлиги 60 км/соатни, кўриниш даражаси паст бўлганда эса 10 км/соатни ташкил қилади. Машиналар GPS қурилмалари, 200 метр радиусдаги пиёдаларни кузата олувчи камералар ва лидарлар билан жиҳозланади.

Мавзуга оид