Жамият | 10:55 / 01.12.2017
10672
3 дақиқада ўқилади

Туркиялик журналистлар билан якуний медиа-учрашув: улар ҳайратда қолишганини яширишмади

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси ташаббуси билан юртимизга келган Туркиянинг етакчи оммавий ахборот воситалари 18 нафар ходимлари ўз ташрифларининг учинчи кунида яна Самарқанд вилоятидаги диққатга сазовор жойлар билан танишишди.

Уч кун мобайнида меҳмонлар Самарқанд ва Бухородаги осори атиқалар, муқаддас қадамжоларни ўз кўзлари билан кўришди.

Самарқанддаги «Регистон-плаза» меҳмонхонасида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК томонидан ташкиллаштирилган медиа-учрашувда хорижлик журналистлар билан биргаликда уларнинг ўзбекистонлик ҳамкасблари, ташқи ишлар вазирлиги, диний идора вакиллари, Самарқанд ва Бухоро шаҳридаги хусусий сайёҳлик фирмалари, меҳмонхона хўжаликлари иштирок этишди.

Анжуманда модераторлик қилар экан, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси А.Абдуҳакимов Шавкат Мирзиёев топшириғи асосида ташкиллаштирилган бундай учрашувлар келгусида тез-тез ўтказилиши, юртимизнинг улкан туризм салоҳияти, соҳани ривожлантириш учун қилинаётган ҳаракатлар, келажакда режалаштирилган ишлар ҳақида гапириб берди.

Сўз олган Самарқанд вилоят ҳокими Туробжон Жўраев хорижлик меҳмонларни кўҳна Самарқанд заминида қутлар экан, меҳмондўст халқимиз доимо хорижликларга очиқ эканлиги, вилоятда туризмни ривожлантириш, соҳага хорижий инвестицияларни жалб қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида қисқача тўхталиб, икки қардош халқ ўртасида барча жабҳаларда алоқалар мустаҳкамланишига ишониниши айтиб ўтди.

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси бош директори биринчи ўринбосари Умид Ҳусанов ҳам сўзга чиқиб, миллий авиакомпания Ўзбекистонда туризм соҳасини ривожлантириш борасида амалга ошираётган ва режалаштираётган ишлар ҳақида қисқача гапириб берди.

Туркиянинг юртимиздаги элчихонаси масъул ходими Жесим Челебий ҳам иш бошлаганига олти ой бўлганига қарамасдан, шу қисқа муддат ичида икки томонлама ҳамкорлик юқори суръатларда ривожланиб бораётганини қайд этди. Ўзбекистон ва Туркиянинг сайёҳлар алмашинувида ҳали кўп ишлар қилиниши кераклигини айтиб ўтилди. Зеро, йил бошидан буён Ўзбекистондан Туркияга йўл олган фуқаролар сони 120 мингдан ортиқ бўлгани ҳолда, Ўзбекистонга келган Туркия фуқаролари сони 22 минг нафарни ташкил этмоқда. Бу рақамни миллионларга етказиш керак, деди Челибий жаноблари.

Самарқанд вилоят имом хатиби Зайниддин Эшонқулов сўзга чиқиб, вилоятда зиёратчилик туризми салоҳиятлари ҳақида гапириб, янги босмадан чиқарилган «Самарқанд уламолари» китоби ҳақида қисқача тўхталиб ўтди.

Шундан сўнг юртимизнинг туризм салоҳияти ҳақида тайёрланган реклама видеоклипи қўйиб берилди.

Анжуман ниҳоясида сўз олган туркиялик журналистлар юртимизга саёҳатдан ниҳоятда ҳайратда эканларини билдириб ўтишди. (Уларнинг бу борада билдириб ўтган фикрларини алоҳида мақолада ўқийсиз).

Шуҳрат Шокиржонов,

Kun.uz мухбири

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид