Жаҳон | 14:01 / 01.12.2017
2783
2 дақиқада ўқилади

Вазият енгиллашмоқда. Индонезияда вулқон туфайли ёпилган аэропорт ишини тиклади

Индонезия ҳукумати жума куни Ломбок курорт оролидаги халқаро аэропорт ишини тиклади, у Агунг тоғидаги вулқон уйғониши туфайли аввал ёпиб қўйилганди. Бу ҳақда порт оператори баёнотида айтилади.

Шу билан бирга, расмийлар фуқаролик авиацияси учун вулқон хавфини қизилдан тўқ сариқ даражага қадар пасайтирди. Бу эса Бали ва Ломбок оролларидаги аэропортлар одатий режимда ишлаши мумкин эканини англатади. Вулқонларни кузатиш бўйича обсерватория баёнотида кўрсатилишича, "отилишнинг юқори эҳтимоли билан безовталиклар кузатилмоқда, вулқоннинг эҳтимолий отилиши кул бўлмаган ҳолда ёки унинг кичик ҳажмларда чиқиши билан рўй бермоқда".

Табиий офатларнинг олдини олиш бўйича агентлик расмий вакили Сутопо Нугрохонинг жума куни хабар беришича, тоғнинг ёнидаги туманлар аҳолисини хавфсиз жойга кўчириш ишлари давом эттирилмоқда. Айни дамда вақтинчалик марказларга 48 мингдан кўпроқ инсон жойлаштирилди, ҳаммаси бўлиб эса хавф ҳудудида яна 100 минг киши қолаётган бўлиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси республика фуқароларига Индонезиядаги Бали оролига Агунг вулқони уйғонгани туфайли вақтинчалик бормасликни тавсия қилганди. Ўзбекистоннинг Индонезиядаги элчихонаси маълумотига кўра, Бали оролида уйғонган Агунг вулқонига хавфнинг энг юқори даражаси берилган. Ўзбекистон фуқароларига, шунингдек, Индонезияга саёҳатни режалаштирган туристик компанияларга ушбу вазиятни инобатга олиш тавсия этилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид