Қорақалпоғистон Республикаси ахборот агентлиги раҳбари Есимқан Қанаатов агентлик сайтида эълон қилинган мақоласида машҳур жинси материалининг ватани Америка эканига шубҳа бидиради. Бу И.В.Савицкий номидаги давлат санъат музейида сақланаётган ноёб экспонатлар ҳақида тайёрлаган лавҳасида шундай фикр билдирди. 

Айни пайтда Нукус шаҳридаги бутун дунёга машҳур И.В.Савицкий номидаги давлат санъат музейида ноёб мустаҳкам матодан ишланган 4 дона кўк рангли кўйлак сақланмоқда. Халқ тилида бу кўккўйлак деб номланади. Бир неча юз йиллар аввал ҳозирги жинси каби мустаҳкам матодан қилинган ушбу бетакрор экспонатлар музейга келаётган минглаб хорижий туристларнинг ҳайратини оширмоқда. Жинси матоси энг аввал Америкада эмас, балки Ўзбекистон заминида пайдо бўлган экан-да, дея ажабланмоқда. Хўш, ушбу мато қандай қилиб юртимизда пайдо бўлиб қолган экан?

Фото: И.В.Савицкий номидаги давлат санъат музейи

Қорақалпоқ санъатининг такрорланмас эсдаликларидан бири кўккўйлак дунёда бошқа биронта ҳам халқда учрамайдиган тантанали либос тури саналади. Шунингдек, тасвирий ҳамда каштачилик санъатининг ҳам бетакрор намунаси сифатида талқин қилинади. Кўккўйлакни қорақалпоқларда «буёқ кўйлак» ва «каштали кўйлак» деб ҳам номлашади. Чунки бу кўйлак кўк ранг билан бўялган ва ҳар хил кашталар билан безалган. Кўйлакнинг безалишида олтмишдан ортиқ нақш турлари қўлланилган.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, кўккўйлак асосан Денгизбўйи қорақалпоқларида кенг тарқалган. Кўккўйлак намуналари И.В.Савицкий музейидан бошқа Санкт-Петербург шаҳридаги Этнография ва Нукус шаҳридаги Ўлкашунослик музейларида ҳам сақланмоқда.

Фото: И.В.Савицкий номидаги давлат санъат музейи

Кўккўйлак бўйича тадқиқот ишларини олиб борган олим М.Қипшақбаев: «Кўккўйлак ҳозирги jeans (жинси) материалини ёдга солади ва шу мато турининг дастлабки ихтирочиси қорақалпоқ чеварлари бўлганлигига шубҳа уйғотмайди. Қорақалпоқларнинг қадимдан Буюк Ипак йўлида қўним топгани ва уларда савдо-сотиқ ишларининг ривожланиши бу материалнинг Европа давлатларига тарқалишига олиб келган бўлса, ажабмас», деб ёзади. 

Кўккўйлак материалининг мустаҳкам матодан ишланганлиги ҳақиқат ва шунинг учун кўпчилик тадқиқотчилар шундай хулосага келишган.