Жамият | 09:56 / 02.12.2017
13466
4 дақиқада ўқилади

Кўзи ожиз муаллимнинг сабоқлари: «​Энг муҳими - ишонч»​

Фото: Kun.uz

1 декабрь куни Тошкентдаги «​Илҳом»​ театрида UNICEF томонидан «Активация» (Фаоллаштириш) тадбири ташкил этилди. Тадбирда ногирон бўлишига қарамай, ҳаётда ўз ўрнини топиб, муваффақиятга эришаётган инсонлар ўз кечмиш ва тажрибаларини атрофдагилар билан бўлишди. 

Маърузачиларнинг ҳар бири ўз ҳикояси, ҳаёт йўли ва бошдан кечирган қийинчиликлари билан ўртоқлашди. Улар орасида биринчи бўлиб сўзга чиққан кўзи ожиз Абдулла Абдухалиловнинг ҳаёт йўли барчага сабоқ бўла олади: 

«​Бугун сизларга ҳаётимда жуда катта аҳамият касб этган оддий сўзлар ҳақида ҳикоя қилмоқчиман. Мен бошланғич синфда ўқиганимда энг «​иккичи»​ ўқувчи бўлганман. Тенгдошларим бемалол, хатосиз ўқиш-ёзишни билишганида, мен ўқишни 3-синфда ўргандим. Шу вақтда, кўпчилик ўқишни тўхтатишни маслаҳат берган эди. Баъзилар эса «​Келинглар, бу болага дарсларни тинглади»​ деган гувоҳнома берамиз»​ деган фикрни билдиришган. Ҳозирда ҳеч ким менинг нуфузли олийгоҳларнинг бирида катта ўқитувчи эканлигимга ишонмаса керак»​. 

Қаҳрамонимиз: Абдулла Абдухалилов – Ўзбекистон Миллий университетининг ижтимоий фанлар факультети катта ўқитувчиси. Ёшлигида Кўзи ожизлар мактабида таҳсил олган. У фильм томоша қилишни, фалсафа мавзуларида суҳбатлашишни яхши кўради. Шунингдек, у ажойиб рақсга ҳам тушади. 

Фото: Абдулла Абдухалилов/Kun.uz

«​Менга ўша вақтларда икки инсон чин кўнгилдан ишонди: менинг отам ва онам! Мактабда менга ҳужжатни бериб, дарслардан четлатиш масаласи кўтарилганда, онажоним (Мастура ая) «​Ўғлим шу мактабда олтин медални қўлга киритади, мана кўрасизлар»​, деб айтганлар. Табиийки, ҳамма бу гапдан кулиб юборган эди. Қандай қилиб, ўқиш, ёзишни 3-синфда аранг уддалай олаётган бола олтин медални олиши мумкин? Ҳа, улар албатта, мантиқан фикрлаш бўйича ҳақ эдилар. 

Мен мактабни битирдим, аммо олтин медаль билан эмас.  Бироқ, университетга киргач, ўқишимда ижобий ўзгаришлар бошланди. Тўртинчи босқичга ўтганимда эса олтин медаль соҳибига айландим»​, дея қайд этди Абдулла Абдухалилов ўз нутқида. 

Қарангки, имконияти чекланган бўлишига қарамай, Абдулла Абдухалилов танлаган соҳасининг мутахассисига айлана олди, тенгқурлари қатори билим олиб, бир вақтлар онасининг билдирган ишончини ҳақиқатга айлантирди. 

«​Совринни олиб, уйга қайтганимда онамга «​Олтин медаль эсингиздами? Мана сизга мактабнинг эмас, университетнинг олтин медали»​, дея совғани бердим. Онам эса жуда оддий, бироқ инсон учун муҳим, таъсирли бўлган сўзлар билан шундай жавоб қайтардилар: «​Мен сенга ишонган эдим. Энг муҳими, сенга ишонишда давом этаман!»​, дейди у. 

Қаҳрамонимиз сўзининг якунида ногирон фарзанди бор ота-оналар, улар билан ишлайдиган инсонлар учун энг муҳими – ишонч эканлигини қайд этиб ўтди. 

«​Ўз чиқишимни таниқли Хелен Келлернинг ҳикматли ибораси билан якунламоқчиман: Биз кўп ҳолларда қаршимизда ёпилаётган эшикларга боқамиз, бироқ ўша вақтда очилган эшикларни камдан-кам ҳолларда англаймиз»​.

Феруза Авазова, Кun.uz мухбири

Мавзуга оид