Жамият | 21:48 / 02.12.2017
10654
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда ногиронлиги бўлган шахсларга анжомлар топширилди ва уларга эҳтиром кўрсатилди – фото

Фото: KUN.UZ

3 декабрь жисмоний имконияти чегараланган инсонлар халқаро куни. Бу сана юртимизда ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-кувватлаш куни сифатида нишонланади. Ана шу санага бағишлаб, Самарқанд шаҳар ҳокимлиги томонидан шаҳардаги ногиронлиги бўлган шахсларга эътибор қаратиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш мақсадида тадбирлар ўтказилди.

Шаҳардаги 3-сон мусиқа мактаби мажлислар залида ташкиллаштирилган тадбирга ногиронлиги бўлган шахслар, уларга қаровчилар таклиф этилди. Шаҳар ҳокими Ф.Раҳимов томонидан уларни ташвишлантираётган муаммолар тингланди. Уларнинг айримларига шу ернинг ўзидаёқ ёрдам бериш, муаммоларини ҳал қилиш учун мутасаддиларга топшириқ берилди.

Мулоқотдан сўнг шаҳар ҳокими Президентимизнинг «Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ҳақида атрофлича маълумот бериб, Президент, вилоят ҳокимлиги ва шаҳар ҳокимлиги номидан 50 та ногиронлар аравачаси, 19 та қўлтиқтаёқ, 35 та ҳасса, 20 та эшитиш мосламасини ногиронлиги бўлган шахсларга ёки уларнинг қаровчиларига шахсан топширди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Кўзи ожизлар жамияти Самарқанд вилоят ва шаҳар кенгашларининг 150 нафар аъзолари учун Самарқанд шаҳридаги «Алпомиш» ресторанида 3 декабрь Халқаро ногиронлар куни ва 8 декабрь — Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 25 йиллиги муносабати билан катта байрам тадбири ўтказилди. Байрам иштирокчиларини шаҳар ҳокими Ф.Раҳимов табриклади.

Тадбир иштирокчилари ногиронлиги бўлган шахслар учун яратилаётган имкониятлар ҳамда Президентимизнинг 1 декабрь куни қабул қилинган «Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони учун миннатдорчилик билдиришди.

Ш.Шокиржонов

Мавзуга оид