Спорт | 22:10 / 03.12.2017
16342
2 дақиқада ўқилади

Перес «Реал»нинг охирги натижаларига муносабат билдирди

Мадриднинг «Реал» клуби президенти Флорентино Перес «Атлетик»ка қарши голсиз дурангдан кейин баёнот берди.

«Сиз ўзига хос ҳодиса гувоҳисизлар. Бизнинг клуб 12 марта Европа чемпионлар кубогини қўлга киритган. Бу жамоа мухлислар хотирасида ўчмас из қолдиради. Биз амалга ошириб бўлмас ишни — Чемпионлар лигасида қаторасига икки марта ғолиб бўлишни уддаладик, бу турнир ғолиблигини 4 йил ичида 3 марта қўлга киритдик.

Охирги ғалабамиз тарихдаги энг яхши натижага айланди. Биз бу мавсум аввалида Испания Суперкубоги ва УЕФА Суперкубогида зафар қучиб бўлдик. Бу ажойиб жамоа ажойиб мураббий билан, қайсики бугунги кунда клуб рамзига айланган мураббий билан янги орзулар қилишда давом этади.

Зидан — бу жамоанинг энг яхши мураббийи. Роналду ҳам. Криштиану — «Реал» тарихидаги энг яхши тўпурар, у дунёнинг энг яхши футболчиси бўлди, тез орада ўзининг бешинчи «Олтин тўп»ини қўлга киритади.

Биз 115 йиллик тарихимизда дунё футболида эталон бўлиб келганмиз. Бирликсиз биз қийин даврларда муваффақиятга эриша олмаган бўлардик. Садоқат ва ишонч — «Реал»нинг асосидир. Биз дунёдаги энг мухлиси кўп клубмиз. Биз ҳеч қачон таслим бўлмаймиз, бизнинг клубимиз асосий — ўзаро ҳурмат, жамоавий иш ва бирдамликдир», — дея Переснинг сўзларини келтирган Marca.

«Реал» Испания чемпионатининг 15 туридан кейин 28 очкоси билан турнир жадвали пешқадами «Барселона»дан 8 очко ортда қолган ҳолда тўртинчи ўринда бормоқда.  

Мавзуга оид