Жаҳон | 08:18 / 05.12.2017
7787
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Олий суди Трампнинг иммиграция фармони ижросини тиклади

Фото: abc2news

АҚШ Олий суди мамлакат президенти Дональд Трампнинг иммиграция бўйича қабул қилган фармони ижросини тиклади. Фармонда қатор мусулмон мамлакатлар, шунингдек КХДР ва Венесуэла фуқароларига виза беришни тақиқлайди. Бу ҳақда суд тарқатган матбуот ахборотномасида сўз юритилган. 

Унда таъкидланишича, 9 судьянинг 7 нафари Оқ уй маъмурияти сўровини қаноатлантириш бўйича овоз берган. Шу билан қуйи инстанциялар томонидан сентябрь ойида имзоланган фармон ижросига қўйилган тақиқ бекор қилинди. 

Шундай қилиб, суд қарори ҳукуматга Сурия, Эрон, Чад, Яман, Ливия ва Сомали, КХДР ҳамда Венесуэла фуқароларига виза беришни тақиқлашга рухсат беради. Суд ҳужжатда ўз қарорини изоҳламаган, бироқ ушбу иш бўйича қуйи инстанцияларда эшитувлар давом этишини кутаётганини билдирган. Хусусан, Калифорния штати Сан-Франциско шаҳар апелляция суди ва Виржиния штати Ричмонд шаҳар апелляция судида мазкур иш кўрилмоқда. Унда президент мазкур фармонни имзолаш билан иммиграция соҳасидаги ваколатларини суиистеъмол қилмаяптими, деган саволга жавоб топишга уриниб кўрилади. Икки суд ҳам бу жараённи тезлаштирган ҳолатда олиб бормоқда. Шунга биноан Олий суд улардан аниқ бир тўхтамга келишларини кутмоқда.

Оқ уй маъмурияти ҳам Олий суд қарорига ўз муносабатини билдирди. Оқ уй матбуот котиби ўринбосари Ҳоган Гидлининг баёнот беришича, Вашингтон маъмурияти Олий суд қароридан "ҳайрон қолгани йўқ". "Фармон қонунийлик принципларига асосланган бўлиб бизнинг мамлакатимизни ҳимоя қилиш учун зарур", - деб қайд этган Гидли. Унинг қўшимча қилишича, Оқ уй Трамп фармонини қуйи инстанцияларда ҳам ҳимоя қилади. 

Толиб Раҳматов
Тайёрлаган Толиб Раҳматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид