Жаҳон | 14:50 / 05.12.2017
23978
3 дақиқада ўқилади

Оддий бўлмаган шартлар. Швейцариядаги қишлоқ нега янги фуқаролар учун пул тўламоқчи? 

Фото: EPA

Альп тоғларида жойлашган Альбинен қишлоғи эҳтимолий фуқароларни пуллар билан ўзига жалб этишга қарор қилди. Куни кеча бўлиб ўтган йиғилишда маҳаллий аҳолининг 71 нафари янги фуқаролар учун 25 минг франкдан маблағ тўлашга овоз берди, 29 нафари қарши чиқди.

Ташаббуснинг муаллифига мэр Беат Йост айланди – касби бўйича журналист инсон. У демографик вазиятни кутилмаган усул билан тўғирлашга қарор қилган. Ҳозирда Альбинен қишлоғида 243 киши доимий равишда яшайди. ХХ асрнинг бошларида уларнинг сони тахминан 400 бўлган, 2010 йилда эса 278 нафар. Мактаб ёшидаги болалар атиги етти нафарни ташкил этади. Аҳолининг ўртача ёши – 58 йил. Сўнгги 17 йил ичида биронта ҳам янги уй қурилмади.

Альбиненнинг ўзига хос жиҳатлари орасида Лекербад термал ва тоғ-чанғи курортига яқинлиги ҳам бор. Лозанна, Женева ва Бернга олиб борувчи тезюрар автомагистрал унча узоқ эмас. Йўллар жуда яхши, қишлоқда барча шароитлар яратилган. Бироқ тоғли посёлкаларнинг кўпчилигига водийдаги шаҳарлар ва қишлоқлар билан рақобат қилиши анча мушкул. Иқтисодий география доктори Пьер Десмонтенинг сўзларига кўра, Альп жанубидаги ўрта ҳажмли қишлоқларда бир ярим асрдан бери “кўплаб омиллар туфайли” аҳоли аста-секин йўқолиб келмоқда. У Альбинен аҳолисининг янги фуқароларни пул орқали жалб этиш ғоясига танқидий ёндашмоқда. Унинг сўзларига кўра, уларнинг моддий рағбатлари Швейцариядаги бошқа кўплаб қишлоқлар томонидан янги фуқаролар учун солиқларни пасайтириш бўйича берилган таклифлар билан баробар.

Август ойида Йостнинг Альбиненга кўчиб ўтишга рози бўлган ҳар бир оилавий жуфтликка 50 минг франк, болага эса яна қўшимча 10 минг тўлаш бўйича ташаббусини маҳаллий аҳолининг тахминан 100 нафари қўллаб-қувватлади. Бу масалани 30 ноябрь куни бўлиб ўтган умумий мажлисга олиб чиқиш учун етарли бўлди.

Альбинен августдан бери дунё бўйлаб жуда машҳур бўлиб кетди. Бу ерга турли мамлакатлардан ўн минглаб электрон хатлар келган. Таъкидлаб ўтиш лозимки, кўчиб ўтишни истовчиларда Швейцария фуқаролиги ёки бу ерда яшаш ҳуқуқи бўлиши лозим. Шунингдек, улар ўз уйларини қуришга тахминан 200 минг франк сармоя йўналтиришлари керак бўлади. Альбинендан 10 йилгача бўлган муддат ичида кўчиб кетадиганлар эса маҳаллий маъмуриятга берилган пулларни қайтариб беришлари шарт. "Биз бутун дунёни эмас, балки беш ёки ўн кишини жалб қилмоқчимиз", - дея айтиб ўтди Беат Йост журналистлар билан суҳбатда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид