Фан-техника | 19:15 / 05.12.2017
11614
2 дақиқада ўқилади

«Ўзбекозиқовқатҳолдинг» пилотсиз бошқарилувчи тизимлардан фойдалана бошлайди

Фото: ptero.ru

«Ўзбекозиқовқатҳолдинг» ҳолдинг компанияси қошида МЧЖ шаклидаги, пилотсиз бошқарилувчи учар қурилмаларни ишлатишга ихтисослаштирилган «Пилотсиз технологиялар» махсус компанияси иш бошламоқда, деб хабар қилинмоқда компания расмий сайтида.

Компания матбуот хизматининг ёзишича, ўзбекистонлик бир гуруҳ мутахассислар Россияда «Птеро G1» пилотсиз бошқарилувчи авиацион тизимлардан фойдаланиш бўйича ўқув курсларини ўтаб қайтишган.

Ўзбекистонга илк «Птеро G1» пилотсиз бошқарилувчи авиацион тизими жорий йилнинг декабрь ойида етказилиши кутилмоқда. 

«Птеро G1» пилотсиз бошқарилувчи авиацион тизимидан қишлоқ хўжалиги экинлари экилган майдонларини ўлчаш, уларнинг ривожланишини мониторинг қилишда фойдаланилади ва бу режавий картографик материалларни ўз вақтида янгилаб бориш ва ўтказилаётган агротехник чора-тадбирлардаги нуқсонларни ўз вақтида баратараф қилиш имконини беради.

Бундан ташқари, «Пилотсиз технологиялар» МЧЖ фаолияти топографик ишлар, аэрофотосъёмка маълумотларини қайта ишлаш, транспорт коммуникацияси масалаларини ечиш, сув хўжалиги, нефтгаз соҳаси, экология ва ўрмончилик хўжаликлари, қурилиш, саноат ва энергетика инфратузилмаси ҳолатини мониторинг қилиш, шунингдек, пилотсиз техника ва геоахборот тизимларидан фойдаланиб, фазовий маълумотларни йиғиш ва қайта ишлаш техникасини яратишдан иборат бўлади.

Мавзуга оид