Жаҳон | 22:10 / 07.12.2017
10877
2 дақиқада ўқилади

Ифлосланган ҳаво гўдаклар миясига салбий таъсир кўрсатмоқда

Фото: AFP/GETTY

Бир ёшгача бўлган 17 миллион бола захарланган ҳаводан нафас олади. Ифлослантирувчи моддалар уларнинг ривожланаётган миясига бир умрга зиён етказиши мумкин. BBC БМТ Болалар фонди (ЮНИСЕФ)нинг маърузасига асосланиб, шу ҳақида маълум қилди. 

Жанубий Осиёда яшовчи болалар ҳаммадан кўп хавф остида. 12 миллиондан ортиқ киши хавфсиз даражадан олти карра ошиб кетган ифлосланган туманларда яшайди. Яна 4 миллион киши Шарқий Осиё ва Тинч океани минтақасида хавф остида яшаб келмоқда.

ЮНИСЕФ баёнотига кўра, ифлосланган ҳавонинг муайян заррачаларини ичга ютиш мия тўқималарига зиён етказиб, боланинг когнитив ривожланишига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Маърузада таъкидланишича, атроф-муҳитнинг зарарли таъсири оқибатлари инсонни бутун умр давомида таъқиб қилади. 

ЮНИСЕФ ҳимояловчи ниқоблар ва ҳаво фильтрацияси тизимларидан кўпроқ фойдаланишга чақириб, ҳавонинг ифлосланиши юқори даражага кўтарилган даврда болалар билан саёҳатга чиқишни тавсия қилмайди. 

Ўтган ойда Ҳиндистон пойтахти Деҳлини қалин кулранг смог қамраб олди - шаҳарнинг баъзи туманларида ҳавонинг ифлослик даражаси меъёрдан 30 баробар ошиб кетди. Деҳлининг бош вазири Арвинд Кежривал шаҳарни "газ камераси"га қиёслади.

Шимолий Хитойда ҳавонинг ифлосланиши одамларнинг яшаш давомийлигини тахминан уч йилга қисқартирди. Ҳукумат компаниялар учун саноат чиқиндиларига нисбатан янада қатъий қоидаларни жорий қилди, бироқ давлат ОАВнинг хабарига кўра, қоидалар мунтазам равишда бузиб келинмоқда.

Маърузага кўра, маълумот тўплаш учун қўлланувчи сунъий йўлдошдан олинган суратлар Африка мамлакатларида ҳам бу муаммо долзарблигини кўрсатмоқда.

Ўз навбатида, Лондон шифохоналари олимлари томонидан олиб борилган алоҳида тадқиқотлар Британия пойтахтининг ифлосланган ҳавоси туғилиш вақтида гўдаклар вазнининг камайишига сабаб бўлаётганидан далолат бермоқда. 

Тадқиқотчиларнинг фикрича, ифлосланган ҳаво гўдаклар ўлими ва катталардаги касалликларнинг асосий сабабларидан биридир.

Мавзуга оид