08:40 / 07.12.2017
5559

Volkswagen бошқарувчиси 7 йилга озодликдан маҳрум этилди

Фото: Chuck Novara

АҚШдаги суд Volkswagen AG немис автоконцерни бошқарувчиси Оливер Шмидтни концерн автомобилларига атроф-муҳитга чиқариладиган зарарли чиқиндилар кўрсаткичларини пасайтириб кўрсатувчи дастурий таъминот ўрнатилишида иштирок этгани учун 7 йилга озодликдан маҳрум этди. Бу ҳақда CBS телеканали хабар берди.  

Детройт округ суди, шунингдек, Шмидтга 400 минг долларлик жарима солди.

Судья Шон Кокс Шмидтни 7 йилга озодликдан маҳрум этиш ва жарима солишни талаб қилган айблов томони важларига розилик билдирди. У Шмидт “дизел можароси” деб аталувчи бу ишда муҳим роллардан бирини ўйнаган, деган хулосага келди. Суднинг аниқлашича, Шмидт “хизмат пиллапояларидан кўтарилиш” учун қоидабузарликлар ҳақида сукут сақлашни афзал кўрган.  

Компаниянинг АҚШдаги норматив талабларга риоя қилиниши масалалари бўлимини бошқарган Шмидт Флоридада январь бошида ФҚБ ходимлари томондан қўлга олинганди. Шмидт ўзининг айбини тан олди.

Volkswagen АҚШда дизел автомобилларига зарарли чиқиндилар кўрсаткичларини пасайтириб қўрсатувчи дастурни ўрнатганликда айбланган. АҚШ ҳукумати концернга мамлакатда 2009-2015 йилларда сотилган Volkswagen ва Audi маркаларининг 482 мингта машинасини қайтариб олиш мажбуриятини қўйган. Компания мижозлардан атомобилларни қайтариб олишга ва товон пули тўлашга рози бўлган. Аввал таъкидлаганидек, АҚШда ушбу можаро бўйича ҳаммаси бўлиб 8 бошқарувчига айблов қўйилган.

Volkswagen Европадаги энг йирик автомобилсозлик компанияси ҳисобланади. У Volkswagen, Audi, Skoda ва Seat маркаларини бирлаштиради.

Top