Соғлом ҳаёт | 21:30 / 19.05.2026
2466
3 дақиқада ўқилади

АҚШ болалар миясига салбий таъсир қилувчи машҳур озиқ-овқат бўёғини тақиқлади

Озиқ-овқат ишлаб чиқарувчиларга рецептларни ўзгартириш учун қатъий муддат берилди.

Фото: JP.Studio / Adobe

АҚШ ҳукумати (FDA) озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасида радикал қадам ташлади ва йиллар давомида болаларнинг севимли ширинликлари ва кундалик косметика таркибида бўлган машҳур кимёвий қўшимчага қарши кенг кўламли уруш эълон қилди.

Расмий Вашингтон эритрозиндан (Red No.3 бўёғи) фойдаланишни тўлиқ тақиқлаб, ишлаб чиқарувчиларга рецептларни ўзгартириш учун қатъий муддат берди. Эритрозин синтетик қизил бўёқ бўлиб, E127 номи билан ҳам танилган. У асосан озиқ-овқат ва косметика саноатида ишлатилади, деб ёзди Rynekzdrowia.

Ушбу модда Европа Иттифоқида қўлланилишига рухсат этилган, бироқ ундан фойдаланиш маълум дозалар билан чекланган. Худди шундай вазият Австралия, Янги Зеландия ва Хитойда ҳам кузатилмоқда. Аммо АҚШда у бутунлай тақиқланди. Буларнинг барчаси бўёқнинг саломатликка салбий таъсирини кўрсатган бир нечта ташкилотлар туфайли содир бўлди.

АҚШ озиқ-овқат ишлаб чиқарувчиларига маҳсулотларни модификация қилиш ва улардан зарарли таркибий қисмларни олиб ташлаш учун 2027 йил январигача вақт берди.

«FDA ниҳоят лаб бўёғида ноқонуний, аммо болалар учун конфетларда мутлақо қонуний бўлган Red No.3 билан боғлиқ ноаниқликни тўхтатмоқда», деб таъкидлади Center for Science in the Public Interest президенти доктор Питер Лури.

Эритрозин (E127) кўплаб озиқ-овқат маҳсулотлари ва косметик воситаларда, айниқса интенсив қизил рангга эга бўлган маҳсулотларда қўлланилади.

Улар:

- мармелад, конфет, драже;

- йогурт, музқаймоқ, мева пишлоқлари;

- десертлар учун рангли газланган ичимликлар, қиёмлар ва қўшимчалар;

- нон-булка маҳсулотларида, масалан, печенье, крем;

- косметикада, масалан, лаб бўёғи, ялтироқ ва тирноқ учун лак.

2010 йилда Center for Science in the Public Interest (CSPI) ташкилоти томонидан ўтказилган тадқиқотлар шуни кўрсатдики, эритрозин канцероген, генотоксик бўёқ бўлиб, айниқса болаларда хулқ-атвор муаммоларини келтириб чиқаради.

2014 йилда E127 моддасининг саломатликка таъсири бўйича ўтказилган тадқиқотларда эритрозин қуйидаги ножўя таъсирларни келтириб чиқариши мумкинлиги таъкидланган:

- ёруғликдан қўрқиш;

- ўқишдаги қийинчиликлар;

- жигар, юрак, қалқонсимон без ва ошқозонга зарарли таъсири;

- фертиллик муаммолари.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид