Бир пайтлар “Озодлик ороли” деб таъриф берилган ва мақталган Кубада бугун вазият таҳликали. АҚШ Кариб ҳавзасида жойлашган бу орол-давлатдаги коммунистик тузумни ағдариш пайида бўляпти. Ўз даврида шов-шувли тарзда социализм йўлидан кетган Кубада советлар АЭС қурилишини бошлаганди. Бироқ ишлар чала қолади ва бугун битмай қолган объектлар ўша даврдан ёдгорлик сифатида қад ростлаб турибди. Хўш, Кубадаги АЭС қурилиши нега битмай қолганди?

Бугун Куба энергия инқирозини бошидан ўтказаётган дунёдаги кам сонли давлатларнинг бири ҳисобланади. Орол-давлатдаги энергия инқирозига АҚШнинг 2026 йил 2 январдан 3 январга ўтар кечаси Венесуэлада ўтказган махсус амалиёти сабаб бўлди дейиш мумкин.

Ўшанда АҚШ ҳарбийлари Венесуэла пойтахтидаги саройда бўлган мамлакат президенти Николас Мадурони қўлга олиб, уни рафиқаси билан бирга АҚШга олиб кетишади.

Венесуэлада ҳокимият вице-президент Делси Родригезга ўтади ва у АҚШ билан ҳамкорлик қилишга рози бўлади. Шундан сўнг АҚШ томони талаби билан Венесуэла Кубага нефт бермай қўйди.

Кубада электр энергия асосан иссиқлик электр станцияларида ишлаб чиқарилади ва уларнинг асосий ёқилғиси нефт қолдиғи бўлган мазут ҳисобланади. Венесуэла нефт бермай қўйгач, оролда энергия инқирози юзага келди.

Куба тарихига назар ташланса, бу давлатда қазилма бойликлар жуда камлигини ва у азалдан четдан келадиган энергоресурсларга боғланиб қолганини кўриш мумкин.

pikabu.ru

Бир пайтлар Кубани иқтисодий ва сиёсий томондан қўллаган СССР орол-давлатдаги энергия тақчиллиги муаммосини ҳал қилиш учун АЭС қурилишини бошлайди. Аммо ишлар охирига етмайди.

АҚШ Кубада АЭС қурмоқчи бўлганми?

1950-йилларда Кубани АҚШ билан дўстона алоқалар ўрнатган Фулхенсио Батиста бошқарарди. 1950-йилларнинг иккинчи ярмида АҚШда биринчи АЭС қурилиши старт олади.

Кўп ўтмай америкаликлар Кубада ҳам АЭС қуришга қизиқа бошлайди. Жумладан, 1956 йилда АҚШ ва Куба ўртасида Атом энергиясидан фуқаролик мақсадларида фойдаланиш бўйича ҳамкорлик битими имзоланади.

Бироқ 1959 йилда Кубада давлат тўнтариши амалга оширилади ва Батиста ағдариб ташланади. Ҳокимият тепасига Фидел Кастро бошчилигидаги коммунистик тузум тарафдорлари келади.