Жамият | 17:19 / 08.12.2017
25873
3 дақиқада ўқилади

Бухорода ҳокимият вакилларига қаршилик кўрсатган муштумзўрлар қўлга олинди

Фуқаролар орасида шундай тоифа шахслар борки, улар ўзларининг ноқонуний ҳаракатлари, ножўя қилмишларини аниқлаган, ўзининг хизмат вазифасини бажараётган давлат органлари, ҳокимият вакилларига қаршилик кўрсатиб, уларни менсимасдан ҳақорат қилиб, ходимларга фаол қаршилик кўрсатиб, ўзларининг муштумзўрликлари туфайли охир-оқибат жавобгар бўлмоқдалар.

Бухоро вилояти ИИБнинг KUN.UZ’га хабар беришича, Ромитан тумани Мажбурий ижро бюроси бўлими давлат инспектори З. ўзига юклатилган вазифаларни бажариш мақсадида, Ромитан тумани, Қумработ МФЙ, Дилрабо қишлоғида яшовчи, 1988 йилда туғилган Ҳ.Т.нинг хонадонида аниқланган табиий газ тармоғига ўзбошимчалик билан уланганлик ҳолати юзасидан тегишли ҳужжатларни расмийлаштириш ва аниқланган ҳуқуқбузарлик фактини тасдиқлаш мақсадида далолатнома расмийлаштираётган вақтида фуқаро Ҳ.Т. унга фаол қаршилик кўрсатиб, ўз хизмат вазифаларини бажаришдан воз кечишга мажбур қилиб, уни шаъни ва қадр-қимматини беодоблик билан қасддан таҳқирлаб, ҳақорат қилиб, тан жароҳати етказган.

Ушбу ҳолат юзасидан Ҳ.Т.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 219-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. 

Шунга ўхшаш яна бир ҳолат: Шофиркон тумани Зарчабек МФЙ, Зарчабек кўчасида яшовчи, 1951 йилда туғилган Шофиркон давлат ўрмон хўжалиги ўрмончиси Ё.М. Шофиркон туман “Сетлак” чўл массивида ўз хизмат фаолиятини олиб бора туриб, ўрмон хўжалиги дала майдонларида ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига ноқонуний зарар етказишни олдини олишда ифодаланган хизмат вазифалари билан боғлиқ қонуний фаолиятини бажараётган вақтида, Пешкў тумани, Янгиобод МФЙ, Офандар қишлоғида яшовчи, И.Н. ва шу манзилда яшовчи С.Р. ўрмон хўжалиги ўрмончиси Ё.М.га фаол қаршилик кўрсатиб, уни уриб, қасддан баданга оғир шикаст етказган ҳолда, Ё.М.нинг хизмат вазифасини бажаришдан воз кечишга мажбур қилганлар.

Мазкур ҳолат юзасидан И.Н. ва С.Р.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 219-моддаси 2-қисми ва 104-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид