Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Терма жамоаларга номзод спортчилар рўйхати қандай мезонлар асосида шакллантирилади?
Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитасининг қарори билан Ўзбекистон Республикасининг спорт терма жамоаларига номзодлар рўйхатларини шакллантиришнинг умумий принциплари ва мезонлари, ушбу рўйхатларни тасдиқлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 14 июндаги 173-сонли “Спорт терма жамоалари тўғрисидаги низомни ҳамда Спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг календарь режасини шакллантириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси қарор қилди:
1. Ўзбекистон Республикасининг спорт терма жамоаларига номзодлар рўйхатларини шакллантиришнинг умумий принциплари ва мезонлари, ушбу рўйхатларни тасдиқлаш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқланди.
2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга кирди.
Ўзбекистон Республикасининг спорт терма жамоаларига номзодлар рўйхатларини шакллантиришнинг умумий принциплари ва мезонлари, ушбу рўйхатларни тасдиқлаш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, Ўзбекистон Республикасининг спорт терма жамоаларига номзодлар рўйхатларини шакллантиришда қонунийлик, тенглик, объективлик, адолатлилик ҳамда ошкоралик принципларига асосланади.
Ўзбекистон Республикасининг спорт терма жамоаларига номзодлар рўйхатлари спортчиларнинг ўтган спорт мавсумида расмий республика ёки халқаро спорт мусобақаларидаги иштироки якунларига кўра шакллантирилади.
Ўзбекистон Республикасининг спорт терма жамоаларига номзодлар рўйхатларига:
мазкур Низомнинг 1-иловасида назарда тутилган мезонларга мувофиқ расмий республика ёки халқаро спорт мусобақаларида юқори кўрсаткичларга эришган барча ёш тоифалари ва жинсий мансублиги бўйича спортчилар;
спортчиларни тайёрлашда бевосита қатнашган тренерлар ҳамда хизмат кўрсатувчи ва маъмурий ходимлар киритилади.
Спорт турлари бўйича республика спорт федерациялари (уюшмалари) келгуси йил учун тасдиқланадиган Ўзбекистон Республикасининг спорт терма жамоалари номзодлари рўйхатига киритиш учун Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 14 июндаги 173-сон қарори билан тасдиқланган Спорт терма жамоалари тўғрисидаги низомга ҳамда мазкур Низомда белгиланган мезонларга мувофиқ спортчилар, шунингдек тренерлар ва хизмат кўрсатувчи ҳамда маъмурий ходимлар рўйхатини шакллантиради.
Рўйхат тренерлар кенгашида муҳокама қилинади ва унинг натижаси бўйича кенгаш баённомаси расмийлаштирилади. Рўйхат Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 14 июндаги 173-сон қарори билан тасдиқланган Спорт терма жамоалари тўғрисидаги низомнинг 1-иловасига мувофиқ шаклда 3 та нусхада расмийлаштирилади ва мажбурий равишда:
спорт федерацияси (уюшмаси) раҳбари томонидан имзоланади ва спорт федерациясининг (уюшмасининг) муҳри (муҳр мавжуд бўлганда) билан тасдиқланади;
тегишли спорт тури бўйича бош (катта) тренер томонидан имзоланади;
тегишли спорт тури бўйича республика олий спорт маҳорати мактаби мавжуд бўлганда, ушбу мактаб раҳбари томонидан имзоланади ва мактабнинг муҳри билан тасдиқланади.
Рўйхат (3 та нусхада) спорт федерацияси (уюшмаси) раҳбари томонидан имзоланган тақдимномага илова қилган ҳолда ҳар йили 31 декабрга қадар Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитасига тақдим этилади.
Тегишли спорт тури бўйича республика олий спорт маҳорати мактаби мавжуд бўлганда, тақдимнома ушбу мактаб раҳбари билан келишилган ҳолда мактаб томонидан тақдим этилади.
Тақдимномага қўшимча равишда тренерлар кенгашининг рўйхатни муҳокама қилганлиги ҳақидаги баённомаси илова қилинади.
Тақдимнома ва унга илова қилинган ҳужжатлар Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси томонидан ҳар йили 10 январга қадар кўриб чиқилади. Бунда Рўйхат Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 14 июндаги 173-сон қарори билан тасдиқланган Спорт терма жамоалари тўғрисидаги низомга ҳамда мазкур Низомда белгиланган мезонларга мувофиқ шакллантирилганлиги ўрганиб чиқилади.
Рўйхатда камчиликлар аниқланган тақдирда, Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси асослантирилган (камчиликлар кўрсатилган) хати билан рўйхатни уни тақдим этган ташкилотга қайтаради.
Республика спорт федерацияси (уюшмаси) (республика олий спорт маҳорати мактаби) Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитасининг хатида рўйхат бўйича билдирилган камчиликларни бартараф этиб, рўйхатни мазкур Низомда белгиланган тартибда шакллантиради ва тасдиқлайди ҳамда тақдимномага (келишилган тақдимномага) илова қилган ҳолда 15 январга қадар Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитасига қайта тақдим этади.
Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси Республика спорт федерацияси (уюшмаси) (республика олий спорт маҳорати мактаби) томонидан тақдим этилган рўйхатларни умумлаштиради ва 31 январга қадар Ўзбекистон Республикасининг спорт терма жамоаларига номзодлар рўйхатини тасдиқлайди.
Йил давомида Ўзбекистон Республикасининг спорт терма жамоаларига номзодлар рўйхатини Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 14 июндаги 173-сон қарори билан тасдиқланган Спорт терма жамоалари тўғрисидаги низомда кўрсатилган асосларга мувофиқ қайта кўриб чиқиш зарурати бўлганда, Республика спорт федерацияси (уюшмаси) (республика олий спорт маҳорати мактаби) тақдимнома (келишилган тақдимнома) билан Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитасига мурожаат қилади.
Бунда тақдимномага тренерлар кенгаши томонидан рўйхатни қайта кўриб чиқиш ва унга ўзгартириш киритиш масаласи муҳокама қилганлиги ҳақидаги тренерлар кенгаши баённомаси илова қилинади.
Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси Ўзбекистон Республикасининг спорт терма жамоаларига номзодлар рўйхатига ўзгартириш киритиш тўғрисидаги тақдимномани 10 кун ичида кўриб чиқади.
Ўзбекистон Республикасининг спорт терма жамоаларига номзодлар рўйхатга ўзгартиришлар Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитасининг буйруғига асосан киритилади.
Спортнинг техник ва амалий турлари бўйича келгуси йил учун Ўзбекистон Республикасининг спорт терма жамоаларига номзодлар рўйхати Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Марказий кенгаши томонидан шакллантирилади ва ҳар йили 31 январга қадар тасдиқланади.
Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.
Мавзуга оид
18:58 / 06.05.2026
Фуқароларни яшаш ва турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш тартиби белгиланди
09:54 / 14.04.2026
Якка уй-жой ва кичик бинолар қурилишида хусусий назорат жорий этилади
18:34 / 09.04.2026
Солиқ назорати тадбири видеотасвирга олинади
19:13 / 07.04.2026