Спорт | 15:20 / 10.12.2017
9898
7 дақиқада ўқилади

«Бу барча учрашувлар каби оддий ўйин». Жозе Моуриньонинг дерби олдидан берган катта интервьюси

«Манчестер Юнайтед» бош мураббийи Жозе Моуриньо Манчестер дербиси олдидан Sky Sports нашрига интервью берди. Моуриньо бўлажак ўйин атрофидаги барча саволларга жавоб қайтарди.

— Жозе, 175-марта бўлиб ўтадиган Манчестер дербиси арафасида турибмиз. Барча бу учрашувни орзиқиб кутмоқда. Футболчиларга бу ҳақида айтиб кимлар ўйнаши мумкинлигини ҳам эълон қилдингизми?
— Йўқ.

— Қачон бу ишни амалга оширмоқчисиз?
— Якшанба тонгида. Биз принципларга амал қилган ҳолда иш олиб борамиз. Биз режа бўйича ишлаймиз. Аммо ҳар бир футболчи ўйинга тайёр бўлиши керак. Сабаби шундоқ ҳам бизда йўқотишлар етарлича. Шундай экан, ўзимизга бўлган ишончни йўқотмаслигимиз керак бўлади. Худди шу борада иш олиб бормоқдамиз.

— Бу катта ўйин. Дербига худди бошқа ўйинлар каби ёндашиладими, ёки бу алоҳида ёндашув талаб қиладиган ўйинми?
— Йўқ, худди олдин бўлгани каби тайёргарлик кўрилади. Биринчи навбатда рақибни ўрганамиз. Рақибнинг кучли ва кучсиз жиҳатларини ажратиб олишга ҳаракат қиламиз. Ўз ўйин услубимиз амалий жиҳатдан белгилаб оламиз ва унинг устида майдонда ишлаймиз. Аммо энг муҳими режани майдонда юзага чиқариш. Футболда нима бўлишини олдиндан билиб бўлмайди. Баъзида сен режа бўйича қайсидир йўлдан боришни ўйлайсан, аммо футболдаги кутилмаган ҳолатлар режаларингни бузиб юборади ва энди бутунлай бошқача ўйин, бошқача ҳолат юзага келади. Бундай вазиятларга тайёр бўлишинг учун сен синовларда чиниққан бўлишинг лозим.

— Катта ўйинлардан олдин қандай ухлайсиз?
— Жуда яхши. Ўйиндан кейин ухлай олмайман, аммо ундан олдин яхши дам оламан. 90 дақиқадан кейинги адреналин, ҳиссиётлар содир бўлган ҳолатларни миянгда таҳлил қилиш — қайси тўғри бўлдию, қайси бири ўхшамай қолди, қайси жойда яхшироқ рақиблик қилишимиз мумкин эди ва ҳоказо. Бу ўйлар ухлашга имкон бермайди. Навбатдаги ўйингача сизда икки-уч кун дам олиш учун вақт бўлиши мумкин, аммо навбатдаги ўйин ҳақида ўйлашим керак ва бундай вазиятда одатда яхши ухлай олмайман. Аммо ўйиндан бир кун олдин бундан мустасно. Мен худди фаришталардек уйқуга кетаман!

— Жамоада бериладиган топшириқлар қанақа бўлади? Ёки бу алоҳида ўйинларга боғлиқми?
— Йўқ, ҳаммасида бир хил. Биз ҳар хил ўйинлар ўтказамиз, лекин кўрсатмалар ўша-ўша бўлади. Аксинча ҳолда футболчилар учун яхши ҳолат деб ҳисобламайман. Чунки баъзида улар ўйинга бўлган эътиборни пасайтириб юбориши ва концентрация йўқолиб ютқазиб қўйишимиз мумкин. Бир кунда 30 дақиқалик суҳбатдан кўра, уч кунда 10 дақиқадан иборат учрашувлар ташкил қилишни маъқул кўраман. Биз бу жараённи бир неча кунларга бўлиб ташлаймиз ва буни мунтазам равишда ташкил қилишга уринамиз.

Рақиб ўйинини таҳлил қиламиз, ўйин режасини тушунтирамиз ва қандай ўйнаш лозимлигини уқтирамиз. Ўйин бу ўйин. Агар сиз бир ўйинга алоҳида тайёргарлик кўрсангизда, икки кун ўтиб бошқа ўйинга бу кўрсатмаларни бермасдан бутунлай бошқа кўрсатмага ўтиб кетсангиз, унда футболчилар нима қилади? Шундай экан, агар сиз футболчиларингиз доимий равишда масъулиятни ҳис қолган ҳолда қолишини истасангиз, ҳар бир рақибни ҳурмат қилишингиз ва ҳар бир вазиятни ўта муҳим дея кўра олишингиз керак. Сиз бу ишни мунтазам бажариб боришингиз шарт.

— Жамоа ҳақида аниқроқ бир сирни очишингиз кутмаяпман, аммо агар Эшли Янг майдонга тушса жарима зарбаларини у амалга оширадими?
— Эшли Янг майдонга тушишга тайёр. Майдонда Поль Погба бўлмаслигини ҳисобга олсак, унинг жарима зарбаларини амалга ошириш учун имконияти юқори.

— У бу борада «Уотфорд»га қарши ўйинда (иккита гол урди) кўпчиликни ҳайрон қолдирди. Шундай эмасми?
— Эшлининг ўйин сифати мени ҳайрон қолдиргани йўқ. Сабаби у машғулотларда қўшимча индивидуал шуғулланадиганлардан бири саналади ва бу борада у муваффақиятга эришмоқда. Ўйиндаги унинг ҳаракатлари ҳайрон қолдиргани йўқ. Унинг ва Погбанинг майдондаги ҳаракатини «иссиқ нуқталар»да ҳисоблаб кўрсангиз, бу имкониятни унга Поль яратиб берганини кўрасиз.

— Бу ютилиши шарт бўлган ўйинми?
— Бу ўйин ҳамма ўйинлар каби, ютилиши шарт бўлган ўйин.

— Sky Sports‘да супер якшанба (Super Sunday) жуда қизиқ кечиши кутилмоқда Жейми Каррагер ва Гари Невилл эксперт сифатида қатнашади. Шунингдек «Оазис» мусиқий гуруҳи раҳбари Ноэл Галлаҳер ҳам эксперт сифатида студия ўтириб ўйинни муҳокама қилишади. Бундан хабарингиз бормиди?
— Йўқ.

— Бу ҳақида нимадир дея оласизми?
—Ноэль — «Манчестер Сити» энг машҳур фанатларидан бири, бу муаммо эмас албатта. Аммо менга кимдир «Евровидение» мусиқий танловида мутахассис сифатида қатнаш деса бу ишни қилмаган бўлардим! Бунақа таваккалчиликка қўл ура олмайман. Аммо Ноэл ўзи хоҳлаб шу ишни қилмоқчи бўлса, қойил, у жуда жасур инсон экан.

— Суҳбатга келишдан олдин унга сиз билан интервью уюштирмоқчи эканимни айтгандим. Шунда у менга мана шу саволни беринг деганди: «Давид де Хеани ўйинга туширмасликни иложи борми, илтимос?»
— Йўқ, Давидни ярим йўлда ташлаб қўймайман, аммо бизда иккинчи дарвозабон ҳам жуда ажойиб. У Аргентина терма жамоаси дарвозабони, жаҳон чемпионати ва Европа Лигаси финалида ўйнаган, шундай экан, бу борада ҳеч қандай муаммо йўқ. Аммо Давид сўнгги учрашувларда фантастик футбол намойиш этмоқда ва кўриниб турибдики, ҳозирда у жамоамизнинг шубҳасиз биринчи рақамли дарвозабони саналади.

— Футболда олдиндан нимадир дейиш қийин, лекин шунга қарамасдан якшанба кунги ўйиндан нимани кутмоқдасиз?
— Иккала жамоа учун ҳам оғир ўйин бўлишини кутяпман. Учинчи жамоа (ҳакамлар назарда тутилмоқда — Tribuna.Uz изоҳи) учун ҳам ўта қийин бўлишини тахмин қиляпман. Албатта уларга бу борада омад тилайман ва майдонга тушадиган футболчиларга муаммо туғдиришни эмас, балки кўмак беришларини кутяпман. Футболчилардан ҳалол футбол кўрсатишларини кутяпман. Улар кичик ғалабадан сўнг мувозанатни ушлаб қолишини кутяпман. Ўйиндан сўнг уччала жамоа учрашув якунлари бўйича ўзидан қониқиш ҳосил қилишини хоҳлардим. Аммо бир нарса аниқки, биз бу учрашувда ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз, ва ўйлайманки, «Манчестер Сити» ҳам худди шу ниятда майдонга тушади.

Азамат Муродов тайёрлади

Мавзуга оид