Самарқандлик аёл АҚШда 150 миллион долларлик фирибгарликни амалга оширган
АҚШда соғлиқни сақлаш соҳасида йирик фирибгарлик схемаси фош этилди. Ундан кўрилган зарар 150 миллион АҚШ долларига яқин суммани ташкил этади, деб ёзади The New Post нашри Бруклин тумани прокурори Эрик Гонсалесга асосланиб.
Иш бўйича 20 киши ҳибсга олинган, жумладан, Нью-Йорк полиция департаментининг врачлари ва жарроҳлари ҳам. Гумон қилинишича, улар кам таъминланган бруклинликларнинг ожизлигидан фойдаланиб, Medicaid ва Medicare давлат дастурлари учун ажратилган пулларни алдов йўли билан ўзлаштириб келишган. Ҳибсга олинганларнинг кўпчилиги собиқ совет республикаларидан келиб чиқишган.
Прокуратура маълумотига кўра, фирибгарлик схемаси бошида 35 ёшли Кристина Мирбабаева турибди. Ижтимоий тармоқларда жойлаштирилган маълумотларига кўра у АҚШга Ўзбекистоннинг Самарқанд шаҳридан келган. Нима бўлганда ҳам, у шу шаҳардаги мактаб ва олийгоҳда ўқиган.
Ҳам шаҳар, ҳам федерал даражада ўтказилган суриштирувларга кўра, 2015 йилнинг 1 январидан 2017 йилнинг 30 ноябрига қадар фирибгарлар давлатнинг камида 146 миллион долларини ўзлаштиришган.
Ҳийла шундан иборат бўлганки, махсус ёлловчилар ижтимоий имтиёзлар берилиши керак бўлган инсонларни 30 ёки 40 доллар эвазига суғурта олиб, фирибгарлик схемаси таркибига кирувчи клиникалардан бирида текширишдан ўтишга розилик беришлари керак бўлган. Бундай клиникалар Бедфорд-Стайвесант, Шиҳсҳед Бэй, Канарси, Крейвсенд ва Краун-Ҳайтсда жойлашган.
Потенциал беморларни улар асосан кам таъминланган шаҳарликлар яшовчи жойлардан излашган. Хусусан, айблов ҳужжатларида Ист Нью-Йоркдаги қашшоқларга мўлжалланган ошхона ва Бушвикдаги ишга жойлаштириш маркази тилга олинган. Рекрутерлар ўзлари ёллаб келган ҳар бир бемор учун 30 доллардан 50 долларга олишган.
Давлат суғуртасига эга фуқаро кўрсатиб ўтилган тиббиёт офисига келиб, ўзига мутлақо зарур бўлмаган 25-50 долларлик муолажани бир марта олса бас, шундан сўнг унинг суғурта полиси рақами тиббиёт хизмат кўрсатиш учун давлатдан пул олишга кўп маротаба ишлатилган.
Алдов йўли билан олинган пуллар бутун дунё бўйлаб жойлашган кўпгина сохта компаниялар орқали ювилган.
Мирбабаева хоним эса бу ҳолатда ижтимоий тармоқларда тинмасдан дабдабали саёҳатлари, қимматбаҳо харидлари — заргарлик тақинчоқлари, дизайнерлик сумкалари ва кийимларини кўз-кўз қилиб турган. Бундан ташқари, у Бруклиннинг бадавлат кишилар яшайдиган қисмида 3,25 миллион долларга апартамент сотиб олган, унинг ҳамкорларидан бири эса Брайтон-Бичда 2,8 миллион долларга квартира харид қилган. Фирибгарликда тўрт нафар врач ҳам иштирок этган — Ҳамид Алам, Жеффри Чесс, Кевин Кёртис ва Роберт Ваккарино. Саналганларнинг сўнггиси Нью-Йорк полиция департаментида хизмат қилган. NYPD’нинг 61 ёшли жарроҳи сохта таҳлилларни “қайта шифрлаш” ишига масъул бўлган. Уларнинг барчаси ҳозир ҳибсга олинган.
Мавзуга оид
13:40 / 15.10.2024
БАА Самарқандда жамоат транспортини ривожлантириш лойиҳаларига таклиф этилди
12:39 / 15.10.2024
Ноябрнинг 4-кунида Самарқанд—Тошкент—Самарқанд йўналишида қўшимча электропоезд қатнови йўлга қўйилади
11:30 / 14.10.2024
Самарқандда Damas йўлни иккига ажратиб турувчи бетон тўсиққа урилди
11:26 / 10.10.2024